ЧҚБТ ўқитувчиларининг маоши айрим мактаб ўқитувчиларининг иш ҳақига тенглаштирилади
Жамият
−
11 Ноябрь 2023
6859Малака тоифаси берилган ЧҚБТ фани ўқитувчиларининг лавозим маоши мос келувчи малака тоифасига эга мактаб ўқитувчиларининг лавозим маошига тенглаштирилади. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги хабар берди.
Унга кўра, 8 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Таълим муассасаларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарликни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинган.
Қарор билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига:
2024 йил 15 январдан чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиларига таълим ташкилотларининг бошқа фан ўқитувчилари учун белгиланган тартибда малака тоифаси бериш ҳамда уларни Тошкент давлат педагогика университети, Фарғона давлат университети ва Бухоро давлат педагогика институти ҳарбий таълим факультетларида малакасини ошириш ишларини йўлга қўйиш;
2024 йил 20 февралга қадар Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанининг янги ўқув дастури ва дарслигини ишлаб чиқиш каби вазифалар юкланди.
Шунингдек, малакавий аттестация хулосасига кўра малака тоифаси берилган ЧҚБТ фани ўқитувчиларининг базавий лавозим маошлари умумтаълим муассасаларида – мос келувчи малака тоифасига эга бўлган фан ўқитувчиларининг базавий лавозим маошига тенглаштирилиши белгиланди.
LiveБарчаси