Чироқчидаги ҳолат бўйича ИИВ мулозими Кушербоевга жавоб қайтарди
Жамият
−
31 Январь 2020
16624Аввалроқ, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида ўғриликда гумон қилиниб қўлга олинган фуқаро ИИБга олиб кетилгани ва идорадан унинг жасади чиққани ҳақида хабар берган эдик.
Ички ишлар вазирлиги жамоатчилик орасида кенг шов-шувга сабаб бўлган ушбу воқеа юзасидан расмий маълумот беришга шошмади. Ва ниҳоят, кеча, 30 январь куни Қашқадарё вилояти ИИБда шу ҳодисага бағишланган брифинг ўтказилди.
Унда ИИВ Матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов “ИИБ биносида одам ўлиши янгилик эмас, бу табиий ҳолат, олдин ҳам бўлган. Айримлар ўз жонига қасд қилади, айримларнинг тоби қочиб қолади. Бу ҳолат ички ишлар вазирлиги томонидан назоратга олинади. Чироқчидаги воқеадан сўнг ҳам эртаси куниёқ ИИВ вакиллари етиб келган. Текшириш бошланган. Олдиндан текширмасдан туриб баҳолашга ҳаққимиз йўқ. Одам айбдорлигини фақат суд белгилайди”, деган эди. Кўп ўтмай, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушарбоев ИИВ мулозимига раддия билан чиқди. Кушербоевнинг муносабатидан кейин ИИВ Матбуот котиби Ғиёсов ҳам ўз муносабатини билдирди.
“Куни кеча Қашқадарё вилояти ИИБда Чироқчи тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими биносида фуқаро Ю.Абдураҳмоновнинг вафот этганлиги юзасидан брифинг ташкил этилди.
Шуни айтиш жоизки, илгари нафақат ички ишлар органлари, балки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўз фаолияти ёки жиноят ишлари бўйича жамоатчиликка ҳеч қандай маълумот беришмаган. Фуқароларимизга ахборот бериш амалиёти энди шаклланмоқда. Биз матбуот котиблари сифатида бунга эътибор қаратяпмиз. Мазкур брифинг ҳам охирги йилларда давлатимиз томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсатининг яққол намунасидир.
Брифингда фуқароларимизга етказилмоқчи бўлган асосий маълумот – бу ички ишлар органлари биносида одам вафот этиши билан боғлиқ факт, ҳар қандай вазиятда фавқулодда ҳолат деб қаралиши, бундай вазиятда зудлик билан алоҳида ишчи гуруҳ тузилиб, иш жараёнлари тўлиқ ўрганилиши ва ушбу ҳолатни келиб чиқиш сабаб ва шароитлари бартараф этилиши, айбдор ходимлар ва раҳбарлар эса муносиб жазоланиши муқаррарлиги эди. Айнан Қашқадарёда биз ушбу мақсадга эришдик, деб ўйлайман.
Брифинг бошидан якунигача журналист ва фуқаролар билан ошкора, самимий руҳда ўтганлиги, ички ишлар органлари ўзининг ахборот хизмати вакиллари орқали фуқароларга очиқлигини намойиш қилганлиги, журналистлар ва фуқароларнинг кўплаб саволлари ва муаммолари жойида ҳал этилганлигига эътибор қаратиш зарур, деган фикрдаман.
Ишонаманки, фуқароларимизга ахборот етказиш фаолиятидаги камчиликларимизни бартараф этишда жамоатчиликнинг соғлом танқидини доим инобатга оламиз. Депутатларимизнинг ҳам бу масалага эътибор беришлари ҳурматга сазовор бўлиб, ўйлайманки, биргаликда халқимиз олдидаги вазифаларимизни бажаришда бир-биримизга кўмакдош бўламиз”, дейди Ғиёсов.
Эслатиб ўтамиз, Жжорий йилнинг 23 январь куни соат 01:50 да Чироқчи туманнинг Лангар қишлоғида содир этилган чорва моллари ўғриликларини фош этиш борасида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ўғирликда гумон қилиниб Чироқчи тумани ИИО ФМБ биносига олиб келинган Ю.А вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан 23 январь куни Чироқчи тумани ИИО ФМБнинг 2 нафар ходимига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаркатлари олиб борилмоқда.
Тергов давомида жиноятни содир этишда гумон қилинган шахсларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
LiveБарчаси