Чироқчида калтакланган ўқитувчи иши бўйича жиноий иш қўзғатилди

Жамият

image

Аввалроқ Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани 134-умумий ўрта таълим мактабининг инглиз тили ўқитувчиси Шоҳнур Оққўзиев жорий йилнинг 6 апрель куни ўқувчилардан бирининг акалари томонидан дўппослангани ҳақида хабар берган эдик. Ҳолат юзасидан Чироқчи туман ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жорий йилнинг 13 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизматининг хабар беришича, Чироқчи тумани “Умакай” МФЙ Умакай қишлоғида яшовчи фуқаролар О.Ж, О.Н ва Х.Б. жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан жорий йилнинг 6 апрель куни соат 12:30 ларда жамоат жойи ҳисобланган 134-сонли умумий ўрта таълим мактаб ҳудудида гуёки укаси, шу мактабдаги 6-“А” синф ўқувчиси О.М.га асоссиз қониқарсиз икки баҳо қўйганини баҳона қилиб, ўзининг жисмоний устунлигини кўрсатиб қўйиш мақсадида, хеч бир сабабсиз мактаб ўқитувчисининг танасининг юз қисмига бир неча маротаба қасддан уриб, безорилик қилган.

Ҳозирги кунда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоят Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирганди.

Кейинчалик, Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ўқитувчининг дўппосланишини ўз назоратига олди.

Энг қизиғи, 2 баҳо олиб, акаларини етаклаб келган ўқувчи мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Абдуносир Ҳошимовнинг ўғли ва уни калтаклаган йигитлар эса мактабнинг собиқ ўқувчилари экани айтилмоқда. 

Жабрланган ўқитувчининг онасига кўра, ўғли 4-курсдалигида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев "чекка ҳудудга бориб дарс бериш" эвазига контрактини тўлаб берган. Шу боис у Қарши туманидан 100 км узоқда жойлашган Чироқчи туманига қатнаб, инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлаётган эди. 

Маълум бўлишича, айни пайтда Ш.О. вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг Нейрохирургия бўлимида даволанмоқда. Унинг билаклари, бели ва оёғига жиддий шикаст етказилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

106

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг