ИИБ 2 баҳо қўйгани учун дўппосланган ўқитувчи масаласига муносабат билдирди

Жамият 11919
image

Аввалроқ Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани 134-умумий ўрта таълим мактабининг инглиз тили ўқитувчиси Шоҳнур Оққўзиев жорий йилнинг 6 апрель куни ўқувчилардан бирининг акалари томонидан дўппослангани ҳақида хабар берган эдик. Қашқадарё вилоят Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди

Унга кўра. жорий йилнинг 6 апрель куни Чироқчи туман ИИО ФМБ навбатчилик қисмига келиб тушган ҳабарда, шу куни тумандаги 134-сонли умумий ўрта таълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси Ш.О. ўз дарсида шу мактаб ўқувчиси М.О. га “2” баҳо қўйгани сабабли мактаб ўқувчиси М.О. ушбу ҳолатни акаси Х.Б. га айтган. Х.Б. шу куни соат 12:00 ларда иккита таниши билан мактабга келиб, инглиз тили фани ўқитувчиси Ш.О. нинг ҳаракатидан норози бўлиб, мактаб ҳудудида унга тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат туман ИИО ФМБ навбатчилик қисмидан белгиланган тартибда қайд этилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Ҳозирги кунда мазкур ҳолат юзасидан Чироқчи туман ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалги хабарда ҳам қайд этилганидек, калтакланган ўқитувчи Ш.О. нинг айтишича, жанжални мактаб ўқитувчилари тўхтатиб қолган. Ўқувчининг акалари эса кетаётиб, “кечаси сўйиб кетиш” билан ҳам таҳдид қилган. 

Энг қизиғи, 2 баҳо олиб, акаларини етаклаб келган ўқувчи мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Абдуносир Ҳошимовнинг ўғли ва уни калтаклаган йигитлар эса мактабнинг собиқ ўқувчилари экани айтилмоқда. 

Жабрланган ўқитувчининг онасига кўра, ўғли 4-курсдалигида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев "чекка ҳудудга бориб дарс бериш" эвазига контрактини тўлаб берган. Шу боис у Қарши туманидан 100 км узоқда жойлашган Чироқчи туманига қатнаб, инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлаётган эди. 

Маълум бўлишича, айни пайтда Ш.О. вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг Нейрохирургия бўлимида даволанмоқда. Унинг билаклари, бели ва оёғига жиддий шикаст етказилган.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 620
Рейтинг: 2.9
t
×