Зойир Мирзаев ўқитувчининг дўппосланишини ўз назоратига олди

Жамият

image

Қашқадарёда инглиз тили ўқитувчиси мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарининг ўғлига 2 баҳо қўйгани учун дўппослангани кун тартибида тургшан асосий масалалардан бири бўлмоқда. Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ўқитувчининг калтакланишига муносабат билдирди. Бу ҳақда “Nasafnews” хабар берди.

Қайд этилишича, Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев 100 километрлик масофага – Қарши туманидан Чироқчи туманига қатнаб ишлайдиган инглиз тили фани ўқитувчиси Шоҳнур Оққўзиев билан онлайн мулоқот қилган.

“Тарқалган хабарларни ўқидим. Биз бу ҳолатни ҳуқуқ-тартибот идораларига айтдик. Барибир охирига етади. Жараён ўзимнинг назоратимда. Сиз қишлоққа зиё тарқатишга боргансиз. Албатта, бунинг қадрига етган одам етади. Қадрига етмаган одам ўз фарзандига, авлодининг келажагига жабр қилади. Сизга ўхшаб фарзандининг тил билишини хоҳлаган одам ундай иш қилмаслиги керак. Бу жудаям ахлоқсизлик, мен жуда ёмон баҳолайман бу ҳолатни”, дейди Зойир Мирзаев.

Ҳоким мулоқот давомида вазиятга муносабат билдирмаган Чироқчи фаоллари ва депутатларини танқид қилиб, ўқитувчини шахсан ўзи қўллаб-қуватлашини маълум қилган.  Шунингдек, вилоят ҳокими ўқитувчининг пластик картасига узоқ ҳудудга қатнаб ишлаётгани учун 10 миллион сўм йўл ҳақи ташлаб берилишини айтган.

Эслатиб ўтамиз, Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани 134-умумий ўрта таълим мактабининг инглиз тили ўқитувчиси Шоҳнур Оққўзиев жорий йилнинг 6 апрель куни ўқувчилардан бирининг акалари томонидан дўппосланди.

Шоҳнур Оққўзиев ўз дарсида шу мактаб ўқувчиси М.О. га “2” баҳо қўйгани сабабли мактаб ўқувчиси М.О. ушбу ҳолатни акаси Х.Б. га айтган. Х.Б. шу куни соат 12:00 ларда иккита таниши билан мактабга келиб, инглиз тили фани ўқитувчиси Ш.О. нинг ҳаракатидан норози бўлиб, мактаб ҳудудида унга тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат туман ИИО ФМБ навбатчилик қисмидан белгиланган тартибда қайд этилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Ҳозирги кунда мазкур ҳолат юзасидан Чироқчи туман ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалги хабарда ҳам қайд этилганидек, калтакланган ўқитувчи Шоҳнур Оққўзиевнинг айтишича, жанжални мактаб ўқитувчилари тўхтатиб қолган. Ўқувчининг акалари эса кетаётиб, “кечаси сўйиб кетиш” билан ҳам таҳдид қилган.

Энг қизиғи, 2 баҳо олиб, акаларини етаклаб келган ўқувчи мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Абдуносир Ҳошимовнинг ўғли ва уни калтаклаган йигитлар эса мактабнинг собиқ ўқувчилари экани айтилмоқда.

Жабрланган ўқитувчининг онасига кўра, ўғли 4-курсдалигида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев "чекка ҳудудга бориб дарс бериш" эвазига контрактини тўлаб берган. Шу боис у Қарши туманидан 100 км узоқда жойлашган Чироқчи туманига қатнаб, инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлаётган эди.

Маълум бўлишича, айни пайтда Ш.О. вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг Нейрохирургия бўлимида даволанмоқда. Унинг билаклари, бели ва оёғига жиддий шикаст етказилган.

Юлдуз Абдурашидова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

126

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг