Чироқчи ИИБда одам ўлимига сабабчи бўлганларга суд ҳукми ўқилди
3-саҳифа
−
21 Сентябрь 2020
11555Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида жорий йилнинг 23 январида фуқаро Ички ишлар биносида қийноққа солиниши натижасида вафот этгани бўйича суд иши бошланган эди. Бугун, 21 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди биносида ушбу иш бўйича суд жараёнининг сўнгги босқичи якунига етиб, суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди биносида судланувчилар:
• Н.Овлаев (1989 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган);
• А. Жанқабилов (1985 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили лавозимида ишлаган);
• Ш. Раҳмонов (1978 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ профилактика инспектори лавозимида ишлаган);
• А. Тожиноров (1994 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ профилактика инспектори лавозимида ишлаган);
• Б. Ғайратов (1995 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили лавозимида ишлаган) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
• Ушбу жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси К. Толлибоев раислигида ҳамда судьялар Э. Эргашев ва Р. Орзиқуловдан иборат суд таркибида кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 21 сентябрдаги ҳукмига кўра:
• Н. Овлаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 241-1-моддаси (жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) 2-қисми “а”, “б” бандлари, 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) 1-қисми, 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 3-қисми ва 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор айбдор деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил 6 ой ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
• А. Жанқабилов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 234-моддаси 1-қисми, 235-моддаси 3-қисми ва 104-моддаси 3-қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
• Ш. Раҳмонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан айбсиз деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 3-бандига асосан оқланди. Ш. Рахмоновнинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 235-моддаси 3-қисмидан шу модданинг 2-қисми “а”, “в”, “г” бандларига қайта квалификация қилинди. Ш. Рахмонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 241-1-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 234-моддаси 1-қисми ва 235-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
• А. Тожиноров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисмининг “д” банди билан айбсиз деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 3-бандига асосан оқланди. А. Тожиноровнинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 235-моддаси 3-қисмидан шу модданинг 2-қисми “а”, “в”, “г” бандларига қайта квалификация қилинди. А. Тожиноров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 234-моддаси 1-қисми ва 235-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
• Б. Ғайратов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 241-1-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчиларга ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 сентябрь куни ўтган навбатдаги суд мажлисида Чироқчида ИИБ ходимлари томонидан уриб ўлдирилган 32 ёшли Юсуф Абдураҳмоновнинг турмуш ўртоғи Гўзал Абдиева суд ҳайъатидан судланувчилар — Нурбек Овлаев ҳамда Анвар Жонқобиловни кечириб, суд залидан озод қилишни сўраган эди.
Судда давлат қораловчиси сифатида иштирок этаётган Қашқадарё вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Шаҳбоз Абдиев эса судланувчиларга сўраётган муддатини маълум қилиб, гаров эвазига очиқда қолган судланувчиларни суд залидан қамоққа олишни сўраган эди.
Ўзи нима бўлган эди?
Жорий йилнинг 23 январь куни соат 01:50 да Чироқчи туманнинг Лангар қишлоғида содир этилган чорва моллари ўғриликларини фош этиш борасида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ўғирликда гумон қилиниб Чироқчи тумани ИИО ФМБ биносига олиб келинган Ю.А вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан 23 январь куни Чироқчи тумани ИИО ФМБнинг 2 нафар ходимига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаркатлари олиб борилди.
Мазкур иш бўйича бошланган тергов жорий йилнинг 22 июнь куни ниҳоясига етган.
Очилган жиноят иши доирасида 5 кишига айблов эълон қилинган. Жумладан Чироқчи тумани ИИО ФМБнинг 4-сон ИИБ бошлиғи ЖКнинг 241, 206, 104, 234, 235-модалари билан айб эълон қилинган. У эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Чироқчи тумани ИИО ФМБнинг 4-сон ИИБ жиноят қидирув гуруҳининг тезкор вакилига ҳам ЖКнинг 241, 206, 104, 234, 235-модалари билан айб эълон қилинган ва қамоққа олинган.
Чироқчи тумани ИИО ФМБнинг 4-сон ИИБнинг икки нафар профилактика инспектори ва жиноят қидирув гуруҳининг тезкор вакилига ҳам юқоридаги моддалар билан айб эълон қилиниб, уларга гаров эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 30 июнь куни ўтган одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар хусусида видеоселектор йиғилишида жорий йилнинг январь ойида Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ИИБ, май ойида Андижон шаҳар ИИБдаги терговлар натижасида икки кишининг вафот этишига эътибор қаратиб, масъулларни қаттиқ танқид қилганди.
“Биз сўнгги уч ярим йилда қийноқларга йўл қўймаслик бўйича жиддий ва ортга қайтмайдиган ислоҳотларни амалга оширдик. Лекин, Андижон шаҳар ва Чироқчи туман ички ишлар идораларида яқинда содир бўлган фожиали ҳолатлар тизим раҳбарларини уйғотиши, аниқ хулосалар қилишга чорлаши керак.
Ушбу фожиа оқибатида 2 нафар инсон ҳаётдан эрта кўз юмди. Уларнинг оилалари бу ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларидан эмас, давлатдан норози”, деган эди Мирзиёев.
Президент Қашқадарё ва Андижондаги жиноятларга алоқадор 11 нафар ички ишлар ходимлари қонун олдида жавоб бераётгани, 7 нафар раҳбар лавозимидан озод этилгани, яна 16 нафари интизомий жавобгарликка тортилганини маълум қилди.
LiveБарчаси