Чирчиқдаги юқумли касалликлар шифохонаси ходимлари кетиб, муассаса ёпилгани ростми?

Жамият 8221
image

Ижтимоий тармоқларда Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси тиббий ходимлари шифохонадан кетиб қолгани, муассаса ёпилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур хабарларга Тошкент вилояти ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.

Унга кўра, Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси ходимлари кетиб қолгани ҳақиқатга тўғри келмайди.

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Арзиқуловга расман хат орқали мурожаат қилган. У мурожаатида 11-15 июль кунлари мазкур шифохонада дезинфекция, дератизация, ювиш ва чайиш ишларини олиб боришга рухсат сўраган. 

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг розилиги асосида, айни пайтда Чирчиқ шаҳридаги вилоят юқумли касалликлар шифохонасида инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида юқоридаги ишлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, шифохона тиббий ходимларнинг карантин шароитидаги меҳнат фаолиятини баҳолашда, коронавирус инфекцияси билан оғриган беморларни даволашда иштироки муносиб баҳоланмаётгани ҳақида хабар гап-сўзлар урчиган.

Вилоят молия бош бошқармаси, Соғлиқни сақлаш бошқармаси ушбу ҳолатлар бўйича бир неча марта шифохона ходимлари билан учрашишган, белгиланган меъёрлар тушунтирилган. Яъни, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси беморларни даволаш билан шуғулланмагани, карантинга олинган фуқароларни лаборатор таҳлилларни олиш, инфекция аниқланган беморларни махсус шифохоналарга йўлланма асосида юборишда қатнашганлар. Бу ҳолатда улар тўлиқ циклда 14 кун давомида беморларни даволашда иштирок этмагани инобатга олинади ва моддий рағбатлантириш тартиби шу жиҳатга асосан, бевосита беморларни даволашда қатнашган шифокорлар билан бир хил бўлмайди.

“Албатта, карантин тартиблари янада кучайтирилган, беморлар сони ошиб бораётган ҳозирги пайтда шифокорлар билан бундай тушунмовчилик юзага келаётгани ёқимсиз ҳолат. Лекин, ҳеч ким, ҳеч бир ташкилот ва идора Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда Республика махсус комиссиясининг қарорида белгиланган меъёрларни ўзгартирган ҳолда қўшимча рағбатлантиришни амалга оширишга ҳақли эмас”, дейилади ҳокимлик хабарида.

Маълумот ўрнида, айни пайтга қадар вилоятда коронавирус инфекциясига қарши курашда иштирок этаётган шифокорларни моддий рағбатлантиришга жами 15 миллиард 900 миллион сўм маблағ сарфланди. 4 минг 829 нафар тиббиёт ходимининг ойлик маошига қўшимча 6 фоиз моддий рағбатлантириш ажратилди. Бу мақсадда жами 9 миллиард 200 миллион сўм маблағ йўналтирилган. 

Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда қатнашган 333 нафар шифокорлар 14 кунлик фаолияти учун жами 6 миллиард 700 миллион сўм миқдорида моддий рағбатлантирилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 148
Рейтинг: 3
t
×