Чирчиқда дам олиш куни ишга чақирилган суд ходими ЙТҲ қурбони бўлдими?
3-саҳифа
−
08 Март
11371Жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судининг “Тизимни бошқариш ва хизмат кўрсатиш” муҳандиси Валижон Мадримов вафот этди. Бу ҳақда Тошкент вилоят судлари ахборот хизмати QALAMPIR.UZ сўровига асосан хабар берди.
QALAMPIR.UZ’га Валижон Мадримов жорий йилнинг 3 март (якшанба) куни ишга чақирилгани ва кечқурун соат 23:00-23:30 лар атрофида ишдан қайтаётганида йўл-транспорт ҳодисасига учрагани ҳақида маълумот келиб тушди.
Вилоят судлари ахборот хизматининг бизга маълум қилишича, Мадримов 3 март куни 23:00-23:30 лар атрофида Чирчиқ шаҳридаги Навоий кўчасида йўлнинг пиёдалар ўтиш жойидан кесиб ўтаётган пайтда Spark русумли автомашина томонидан уриб юборилган. У беҳуш ҳолатда шифохонага ётқизилган. Кўрилган тиббий муолажаларга қарамасдан Мадримов кеча, 7 март куни соат 20:00да Чирчиқ шаҳар тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тез тиббий ёрдам марказининг жонлантириш бўлимида вафот этган.
Бироқ Тошкент вилоят судлари ахборот хизмати марҳумнинг дам олиш куни ишга чақиртирилганини рад этди. Билдирилишича, Мадримов судга яқин ҳудудда истиқомат қилади. У ўзининг бирон юмуши сабаб судга борган бўлиши мумкин. Бундан ташқари, у хусусий университетда таҳсил олгани ва шу кунларда ўқиши бошлангани сабаб вақтинча ишдан озод қилинган бўлган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Фарғона вилояти Данғара туманида Cobalt ҳайдовчиси йўл четида кетаётган пиёдаларни уриб юборгани ва оқибатда 4 киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди.