Чиноздаги аянчли ЙТҲда 4 киши ҳалок бўлди
3-саҳифа
−
13 Сентябрь 2020
11810Бугун, 13 сентябрь куни Тошкент вилоятида Nexia-3 ва Lacetti иштирокида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида 4 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда ЙҲХББ хабар берди.
ЙТҲ соат 00:10 ларда, Чиноз тумани, “Кўтарма” МФЙ ҳудудидан ўтган М-39 “Тошкент-Термиз” автомобиль йўлининг 858-километрида содир бўлган. Ҳайдовчи, 1986 йилда туғилган Т.С. Nexia-3 русумли автомобилни бошқариб кетаётиб, рул бошқарувини йўқотган ва йўлни иккига ажратиб турувчи бетон тўсиқдан йўлни қарама-қарши томонига ўтиб кетган. Сўнг қаршисидан келаётган ҳайдовчи, 1981 йилда туғилган, Ф.Н. бошқарувидаги Lacetti русумли автомобиль билан тўқнашган.
Натижада, Nexia-3 русумли автомобиль ҳайдовчиси 34 ёшли Т.С., Lacetti русумли автомобиль ҳайдовчиси 39 ёшли Ф.Н. ҳамда ушбу автомобиль йўловчилари 40 ёшли Э.Х. ва 25-30 ёшлардаги аёл (шахсига аниқлик киритилмоқда) оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган.
Шунингдек, Lacetti русумли автомобиль йўловчилари 29 ёшли К.Б. ва 44 ёшли Ю.Ҳ. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Чиноз тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.