Чилонзордаги ЙТҲ тафсилоти: Тахминий айбдор яширинган
Жамият
−
10 Январь 2020
9975Аввалроқ, Тошкентнинг Чилонзор туманида BMW ва Lacetti русумли автомобиллар тўқнашуви натижасида икки киши машинада ёниб кетгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур ЙТҲ юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Матбуот хизмати қўшимча маълумот берди.
9 январь куни соат 23:30 да Чилонзор тумани Бунёдкор кўчасида жойлашган Халқлар дўстлиги саройи қаршисида иккита автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Lacetti русумли автомобиль (давлат рақами 01 В 889 WA) ҳайдовчиси 44 ёшли Д. М. Ислом Каримов кўчасига бурилишдан олдин светофоргача бир неча метр масофа қолганида тор жойда тўхтаган. Тезликни ошириб ҳаракатланиб келаётган BMW автомобили (давлат рақами 01 Т 777 ЕВ, Шайхонтоҳур туманида яшовчи 63 ёшли К.М. номига расмийлаштирилган) Lacetti`га тўқнашиши оқибатида автомобилларда ёнғин келиб чиққан.
Lacetti русумли автомобиль ҳайдовчиси ва 6 ёшли йўловчиси Д.М. Тошкент шаҳар ИИББ ЙПХ ва Миллий гвардия ходимлари томонидан қутқарилгач, жароҳат ва куйишлар билан шифохонага етказилган. Яна икки нафар йўловчилар – 44 ёшли И.М. ва 8 ёшли Я.М. воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.
BMW автомобили ҳайдовчиси воқеа жойидан яширинган. ЙТҲ содир бўлганида автомобилни бошқарган ҳайдовчининг шахсини аниқлаш бўйича чоралар кўрилмоқда.
BMW автомобили ҳайдовчиси тезликни кескин оширгани ЙТҲнинг тахминий сабаби сифатида кўриляпти.
ЙТҲ факти бўйича Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси (“Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш”) “а” банди 3-қисми билан жиноий иш қўзғатилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь