Чилонзорда йигитлар спорт залидан ушлаб кетилди. ИИББ бунинг сабабини очиқлади
3-саҳифа
−
30 Сентябрь 2022
26276Ижтимоий тармоқларда Чилонзор туманида бир нечта фуқароларни спорт заллардан олиб чиқиб кетишгани ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда. Бунга уларнинг соқоли ўсгани сабаб қилиб кўрсатилган. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Чилонзор тумани ИИО ФМБ тергов бўлими иш юритувида фуқаро А.А.га нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-2-моддаси (“Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш”) аломатлари билан қўзғатилган жиноят иши тергов қилинмоқда.
Мазкур фуқаро халқаро террористик ташкилотларга қўшилиш мақсадида Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетаётган вақтида қўлга олинган.
“Жиноят иши доирасида гумонланувчининг жиноий шерикларини аниқлаш мақсадида бир нечта фуқаролар тергов идораларига чақиртирилган, бироқ айрим фуқаролар узрли сабабларсиз тергов органларига келишдан бош тортганлиги сабабли, улар ҳудудий туман ИИО ФМБга мажбурий тартибда олиб келинган”, дейилади хабарда.
ИИББга кўра, айрим фуқаролар Чилонзор туманидаги спорт залларда бўлишган ва туман ИИО ФМБга олиб борилган. Келтирилган ҳар бир фуқаро билан суҳбат ўтказилиб, жиноят ишига алоқадор бўлмаган фуқаролар қўйиб юборилган.
3 нафар фуқарога нисбатан жиноят иши доирасида қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов давом этмоқда.