Чили тарихидаги энг ёш Президент сайланди
Олам
−
20 Декабрь 2021
10951Чилидаги сайловларда сўл қанот вакили Габриел Борич ғалаба қозонди. 35 ёшли собиқ талаба ўнг қанот вакили бўлган рақиби Хосе Антонио Кастдан 8 фоиздан ортиқ овоз тўплаб, ғалаба қозонган.
Расмий натижаларга кўра, Боричга умумий сайловчиларнинг 56 фоизи, Кастга эса 44 фоизи овоз берган. Сайлов участкалари ёпилганидан бир ярим соат ўтгач, ўнглар вакили мағлубиятини тан олган.
Борич сайловолди компаниясида ўз тарафдорларига демократияни таъминлаш ва Чили неолиберал иқтисодий моделини чеклашни ваъда қилган.
Энди у, сўнгги йилларда тенгсизлик ва коррупцияга қарши оммавий норозилик намойишлари ортидан ҳолдан тойган мамлакатни бошқаради.
"Бизнинг олдимизда жуда катта вазифа турибди. Биламан, келгуси йилларда мамлакатимиз келажаги хавф остида, шунинг учун мен демократия учун қайғурадиган ва уни хавф остига қўймайдиган, гапиришдан кўра кўпроқ тинглайдиган, бирликка интиладиган Президент бўлишимга кафолат бераман", дея таъкидлаган у ўз тарафдорларига.
Бир пайтлар Лотин Америкасидаги энг барқарор иқтисодга эга бўлган Чили, БМТ маълумотларига кўра, сўнгги йилларда дунёдаги энг катта даромад номутаносиблигига эга давлат бўлиб қолмоқда. Маълумотларда келтирилишича, аҳолининг 1 фоизи мамлакат бойлигининг 25 фоизига эгалик қилади.
Янги сайланган Президент, бу тенгсизликни ижтимоий ҳуқуқларни кенгайтириш, мамлакатда пенсия ва соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, шунингдек, иш ҳафтасини 45 соатдан 40 соатгача қисқартириш ва "яшил инвестиция"ларни кўпайтириш орқали бартараф этишга ваъда берган.
Беҳруз Саидов