Чилида мотам эълон қилинди
Олам
−
07 Февраль
6128Чилининг собиқ президенти 74 ёшли Себастьян Пиньера вертолёт ҳалокатида вафот этди. Бу ҳақда Чили Ички ишлар вазирлиги раҳбари Каролина Тоа ўзининг X’даги расмий саҳифасида маълум қилди.
Чилининг айни дамдаги Президенти Габриэль Борич мамлакатда миллий мотам эълон қилди ва дафн маросимини давлат миқёсида ўтказишни буюрди.
"Мен Чилининг икки марта сайланган президенти хотирасига уч кунлик мотам эълон қилдим. Ташқи ишлар вазири Алберто Ван Клаверенни дафн маросими қўмитасига масъул этиб тайинладим", дейди давлат раҳбари маҳаллий нашрлар томонидан эълон қилинган мурожаатида.
Қайд этилишича, ҳалокат Лаго Ранко коммунаси ҳудудида юз берган. Вертолётни ўзи бошқараётган Пиньера кучли ёмғир пайтида бошқарувни йўқотган, оқибатда у Ранко кўлига қулаган. Вертолётда собиқ давлат раҳбаридан ташқари яна уч киши бўлган, улар омон қолган ва қирғоққа чиқиб олишга муваффақ бўлган. Фавқулодда хизматлар Себастьян Пиньеранинг жасадини сувдан топишган.
Маълумот учун, консерватор Себастьян Пиньера икки марта, 2010-2014 ва 2018-2022 йилларда Чили президенти бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 3 февраль куни Чили Президенти Габриэль Борич камида 99 кишининг ҳаётига зомин бўлган ўрмон ёнғинлари туфайли Вальпараисо вилоятида фавқулодда ҳолат эълон қилганди.
Улканбаева Райҳона
LiveБарчаси