Черков мактабидан чиққан болалар жасади ва норозиликлар. Канадада намойишлар авж олмоқда

Олам 7707
image
-

Аввалроқ Канадада ҳинду болаларига мўлжалланган собиқ черков мактаб-интернати ҳудудида юзлаб қабрлар топилгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу мактаб ҳудудида болаларнинг топилган оммавий қабрлари атрофидаги жанжалллар ҳали ҳамон давом этмоқда. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

Қабрлар топилганидан сўнг, БМТ Канадада болаларни оммавий дафн этиш ишини текширишни талаб қилди. Шунингдек, мамлакат Бош вазири эски мактаб-интернати назорат қилган Рим папасини аҳолидан кечирим сўрашга чақирди. Ушбу мактаб ҳудудидан шу кунга қадар 751 нафар боланинг суяк қолдиқлари аниқланган. 

Қайд этилишича, мамлакатда юқоридаги ҳолатлар сабаб намойишлар ўтказилмоқда. Намойишчилар Манитоба ҳудудида жойлашган Қиролича Елизавета II ва Қиролича Виктория ҳайкалларини ағдариб ташлашган. Намойишчилар ҳайкаллар остига “Биз бир пайтлар бола эдик. Уларни уйга қайтаринг” дея қизил қўл изларини қолдирган.

Маълумот ўрнида, Канадада 150 мингдан ортиқ бола мажбуран черков мактабларига юборилган. Уларнинг аксарияти жисмоний, жинсий ва психологик зўравонликларга дуч келган. 2008 йилда ҳукумат ушбу тизим учун расмий равишда кечирим сўраган. 2015 йилда эълон қилинган “Ҳақиқат ва ярашув” номли ҳисоботда бу сиёсат “маданий геноцид” экани айтилган. Бугунги кунга келиб бу турдаги мактаб-интернатларида 4100 дан зиёд бола ўқиш пайтида вафот этгани аниқланди.

Диёра Абдураҳмонова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 281
Рейтинг: 3.1
t
×