Чехияда Россиядаги “террорчи режим” тўғрисида резолюция қабул қилинди

Олам

image

Кеча, 15 ноябрь куни кечқурун Чехия парламенти депутатлар палатаси Россиядаги “террорчи режим” тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Чехия телеканали хабар берди.  

“Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси резолюциясига мувофиқ, Чехия парламенти депутатлар палатаси Россиянинг амалдаги режимини террорчи деб ҳисоблайди”, дея ҳужжатдан иқтибос келтирди телеканал. 

Ҳужжатга 159 депутатдан 129 нафари овоз берди. 

Қўшимча қилинишича, “Озодлик” ва “Тўғридан-тўғри демократия” ҳаракатининг барча 14 нафар вакили, шунингдек, бошқа фракцияларнинг айрим депутатлари бунга қарши чиққан. 

Резолюцияда Россиянинг "Украинанинг тинч аҳолисига ҳужуми" ва энергетика инфратузилмаси объектлари, шунингдек, тўртта ҳудудни Россия Федерацияси таркибига қўшиш бўйича референдумлар қораланади. 

Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси аввалроқ Россия сиёсий партияларини “терроризмга шерикликда” айбловчи резолюцияни бир овоздан маъқуллаган эди. Резолюциянинг якуний матнида илгари Украина ва бошқа мамлакатлар суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилувчи ноқонуний қарорлар учун овоз берган Россия сиёсий партияларини терроризмни тарғиб қилувчи ташкилотлар деб тан олиш таклиф қилинган. Алоҳида-алоҳида, бундай резолюция аллақачон Эстония ва Польша парламентлари томонидан қабул қилинган. 

Аввалроқ Европарламент Россия Федерациясини террорчи давлат сифатида тан олиш бўйича овоз беришни эълон қилган эди. Европа халқ партияси ялпи мажлисда депутатлар Россияни “террорчи давлат” деб атайдиган резолюцияга овоз бериш ниятида эканини маълум қилди. Бу 21 ноябрь куни Страсбургда бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 11 август куни Латвия Сеймининг Ташқи ишлар комиссияси Россияни терроризмни қўллаб-қувватловчи давлат сифатида тан олганди. Октябрь ойи охирларида эса Польша парламентининг юқори палатаси – Сенат Россия ҳукуматини "террорчи режим" деб тан олиш ҳақидаги резолюцияни қабул қилди. 18 октябрь куни эса Эстония парламентининг депутатлари Россияни “терроризмни қўллаб-қувватловчи давлат” деб эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Чехия Россия-Украина уруши Украинага босқин террорчи режим

Баҳолаганлар

22

Рейтинг

2.7

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг