Чегарада дори воситаларининг текширувдан ўтказилишига шубҳа билан қарайман. Ўзбекистон аҳолиси хавф остида – Зиёдулла Кушимов
Интервью
−
26 Январь 2023
11105Совуқ, мамлакатнинг газ ва чироқ билан боғлиқ муаммолари, кимларнингдир лавозимдан кетиши... Сўнгги кунларда ўзбекистонликлар айнан мана шу хабарларнинг таҳлили билан банд бўлди. Бироқ аввалроқ содир бўлган республиканинг энг катта фожеаларидан бири – “Док-1 Макс” дори воситаси сабаб вафот этган 20 нафар бола воқеаси бугун кимларнингдир ёдидан кўтарилишга улгурди.
Лекин QALAMPIR.UZ бундай қилмоқчи эмас! Таҳририят мазкур мавзуни яна муҳокама майдонига ташламоқчи. Чунки айбдорлар ҳали топилгани йўқ.
Мавзуни чуқурроқ таҳлил қилиш мақсадида эса АҚШнинг Виржиния штатидаги Global Pharmaceutical Company корхонасида етакчи мутахассис, катта тиббий маслахатчи лавозимида фаолият олиб борувчи ўзбекистонлик фарматолог,Тиббиёт фанлари доктори Зиёдулла Кушимов билан суҳбатлашдик.
Унинг айтишича, “Док-1 Макс” дори воситаси сабаб вафот этган болалар ўлимида энг катта айбдорлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармасевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда унинг таркибидаги Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказидир.
“Ўзбекистонга кириб келаётган бори воситалари, фармасевтика махсулотларининг хавфсизлиги мана шу агентлик ва марказ томонидан таъминлагниши керак эди. Демак биринчи ўринда соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, унинг назоратини кучайтириш ва тўғри тартибга солиш керак”, дейди у.
Бундан ташқари, 13 январь куни Тошкент туманлараро иқтисодий судида бўлиб ўтган суд мажлиси давомида “QURAMAX MEDIKAL” МЧЖнинг вакили томонидан масъулларга берилган нима учун “Док-1 Макс” циропи чегарадан олиб ўтилаётганда божхонадаги лабараторияларда текширилмаган, текширилган бўлса, нима учун таркибидаги заҳарли модда шу пайтгача аниқланмаган, камчилик фақат “Док-1 Макс”да кузатилган бўлса-да нега “QURAMAX”нинг барча дори воситалари савдоси тўхтатилмоқда, каби саволларнинг бирортасига масъуллар томонидан ҳеч қандай аниқ жавоб берилмаганини кескин танқид остига олди.
Узоқ йиллар давомида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида ҳам фаолият олиб борган фармаколог Кушимовнинг айтишича, Фармасевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Гулнора Зуфарова ҳамда Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказидан вакил Гулчеҳра Болтабоева бутун бошли соғлиқни сақлаш тизимини шарманда қилган.
“Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказидан вакил бўлиб судда қатнашар экан, лабаратория мудираси бўла туриб, этилен гликол ҳақидаги саволга жавоб бера олмади. “Бу менинг ваколатимга кирмайди”, деди. Агар мана шу оддий саволларга жавоб бера олмаса, нега келди? Нега “QURAMAX”нинг лицензиясини бекор қилиш бўйича олий судга даъво аризаси билан чиқяпти? Тўғрисини айтганда, суд жараёнида соғлиқни сақлаш тизимини уятга қолдирди. Ахир этилен гликол моддасини дори таркибида аниқлаган ваколатли орган айнан ўша Марказ-ку? Оддий “QURAMAX MEDIKAL” МЧЖ адвокатининг саволларига жавоб бера олмагандан кейин Ҳиндистонни умуман тилга олиши керак эмас”, дея таъкидлади фарматолог.
Қолаверса, у дори таркибидаги заҳарли модда ҳақида хабар берган шифокор Маматқул Азимов масаласи бўйича ҳам ўз фикрларини билдирар экан, шифокорнинг дори бўйича кеч ахборот берганига ҳам аслида вазирликнинг ўзи айбдор эканини исботлари билан келтириб берди.
Унинг айтишича, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2018 йилнинг март ойидаги 13-сонли “Дори воситаларининг қўлланилиши чоғида ножўя реакциялар аниқланган ҳолатлар тўғрисида хабардор қилиши тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи ҳали қабул қилинмаган. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинмаган, ҳали кучга кирмаган ва ҳали шифокорларнинг, давлат тиббий муассасалари раҳбарларининг қўлига етиб ҳам бормаган.
Шунингдек, барча ривожланган мамлакатларда аллақачон ишга тушиб бўлган ва кўплаб фалокатларнинг олдини олишга хизмат қилаётган “Дори воситаларининг қўлланилиши чоғида ножўя реакциялар борасида онлайн хабар” тизими ҳам мана беш йилки ишга тушмаган ва уни яратиш билан боғлиқ ишлар 2022 йилнинг сентабрь ойидаёқ бутунлай тўхтаб қолган.
“Хўш кейинги босқич нимадан иборат? Дори воситасида ножўя таъсир аниқланса кейин нима қилинади? Бунда ўша агентлик ва марказ қошида айнан шу масалалар билан шуғулланадиган шифокор бўлиши керак. Чунки статист-програмист бунинг фарқига бормаслиги мумкин. Лекин врач-шифокор тушунади ва аниқлай олади. Бунинг натижасида келиб чиқаётган ножўя таъсирларни дунё миқёсида ўрганиш керак”, дея қўшимча қилди у.
Мутахассис билан бўлиб ўтган суҳбатни QALAMPIR.UZ’нинг YOUTUBE саҳифасида кўришингиз мумкин.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15