“Чегара ёпиқ, Ўзбекистонга киролмайсиз”. ТИВ Россия-Қозоғистон чегарасида қолаётганларга мурожаат билан чиқди
Жамият
−
06 Июль 2020
23152Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Россия Федерациясида бўлиб турган фуқароларга мурожаат билан чиқди. Унда фуқаролардан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга киришни ваъда қилаётганларга ишонмаслик, эпидемия хавфи тарқалмагунча, бир жойда тўпланмаслик, вазият барқарорлашувини кутиш сўралган. ТИВ расмий мурожаатида шундай дейилади:
“Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги Элчихонаси маълумотига кўра, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар ва оммабоп мессенжерларда Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги чегара очилгани ҳамда Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон ҳудуди орқали Ватанимизга қайтишлари мумкинлиги ҳақидаги ёлғон хабарлар тарқалмоқда. Бундан ташқари, йўловчи ташиш билан шуғулланадиган айрим шахслар Россия-Қозоғистон чегарасига одамларни йетказиб қўйиш ва чегарани кесиб ўтишда “ёрдам бериш”ни ваъда қилиб турли эълонлар тарқатмоқдалар.
Элчихона ватандошларимиздан бу каби ёлғон хабарларга ишонмасликларини сўраб қолади. Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистонда жорий қилинган карантин чоралари, шу жумладан мамлакатларга кириш бўйича чекловлар ўз кучида қолмоқда.
Афсуски, шу кунларда Самара вилоятидаги Болшая Черниговка қишлоғи, Оренбург вилоятидаги Бузулук тумани ва Сол-Илецк шаҳрида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг яна тўпланиши кузатилмоқда. Уларнинг кўпчилиги, ёлғон хабарларга ишониб, Россиянинг турли ҳудуларидан келган ва Қозоғистон орқали Ватанимизга қайтиш истагинини билдирмоқда.
Коронавирус инфекцияси пандемияси тарқалаётган бир пайтда фуқалорнинг бир жойда тўпланиши уларнинг вирус билан касалланиш эҳтимолини кескин оширади. Бундай ҳолат айниқса, қариялар, касаллар, доимий касаллиги бор фуқаролар учун ниҳоятда хавфлидир.
Яна бир бор, Россия ҳудудидаги ватандошларимиздан турли ёлғон хабарлар ва миш-мишларга ишонмасликларини, Россия-Қозоғистон давлатлараро чегара пунктларига боришга уринмаслик, ҳозирги яшаш жойларида қолиб, карантин чораларига қатъий риоя қилишларини сўраб қоламиз.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига мувофиқ карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга зид маълумотларни тарқатиш учун жавобгарлик белгиланаган. Хусусан, мазкур маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки ОАВ, шунингдек Интернет орқали тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан (44 млн 600 минг сўмдан) 400 бараваригача (89 млн 200 минг сўм) миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилгача озодликни чеклаш ёҳуд озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бундан ташқари, Россия Федерацияси қонунчилигига биноан, оғир оқибатларга олиб келадиган била туриб ёлғон маълумотни тарқатиш 300 мингдан 2 миллион рублгача жарима ҳамда уч йилдан беш йилгача қамоқ билан жазоланади”.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь