ChatGPT бир неча сония ичида беморга тўғри ташхис қўйди

Технология

image

Гарварднинг ахборот технологиялари ва тиббиёт бўйича мутахассиси доктор Айзек Кохейн икки ҳамкасби билан бирга GPT-4 версиядаги ChatGPT сунъий интеллектини тиббий соҳада синаб кўрди. Тадқиқотчи GPT-4 тизими кўплаб шифокорлардан яхшироқ эканига амин бўлди. Бу ҳақда “3d news” хабар  берди.

Доктор Айзек Кохейн тажриба натижаларини мустақил журналист Кэри Голдберг ва Microsoft'нинг тадқиқотлар бўйича вице-президенти Питер Ли билан ҳамммуаллифликда ёзган “Тиббиётда сунъий интеллект инқилоби” китобида батафсил баён қилган. Март ойида чиқарилган GPT-4 модели тиббий лицензиялаш имтиҳонида 90% натижа қайд этиб, нафақат GPT-3 ва GPT-3.5 асосидаги ChatGPT сунъий интеллектини, балки лицензияга эга бўлган баъзи шифокорларни ҳам ортда қолдирган.

GPT-4 нафақат фактлар бўйича, балки таржимон сифатида ҳам ўзини яхши кўрсатган. У беморнинг португал тилидаги касаллик тарихини саралаб, жаргонли матнни олтинчи синф ўқувчиси тушуна оладиган материалга айлантирган. Сунъий интеллект шифокорларга палатада ўзини қандай тутиш ва бемор билан уларнинг аҳволи ҳақида аниқ, аммо раҳмдил тилда қандай гапириш бўйича фойдали маслаҳатлар берган. Шунингдек, у катта ҳажмдаги экспертиза ҳисоботларини қайта ишлашга, уларнинг мазмунини бир зумда умумлаштиришга муваффақ бўлган.

Доктор Кохейн, бир томондан, яқин келажакда бундай восита миллионлаб одамлар учун мавжуд бўлишидан хурсанд бўлса, бошқа томондан, платформани фойдаланувчи учун қандай қилиб хавфсиз қилиш кераклигини ҳали билмайди. Чунки GPT-4 ҳар доим ҳам ишончли эмас ва китобда унинг турли хил хатоларига кўплаб мисоллар келтирилган. Бундан ташқари, сунъий интеллект ушбу хатолар кўрсатилганда, улар тўғри эканини даъво қилади. Бу эса техник “галлюцинация” деб номланади.

“Менинг ниятим ҳеч кимни алдаш ёки йўлдан оздириш эмас, лекин мен баъзан хато ва тўлиқ бўлмаган ёки нотўғри маълумотларга асосланиб тахминлар қиламан. Мен клиник ҳукмлар чиқармайман ва шифокор ёки ҳамшира сифатида ахлоқий жавобгарликка эга эмасман”, деган GPT-4 моделидаги сунъий интеллект ўз ҳимояси учун.

Китоб муаллифлари эса ҳимоя чораларидан бири сифатида GPT-4 билан бир нечта сессияларни ўтказишни таклиф қилишган. Шунда сунъий интеллектнинг ўзи ўз ишини  қайта ўқийди ва текширади. Бу эса баъзида хатоларни аниқлашга ёрдам беради.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг декабрь ойида GPT-5 модели ишлаб чиқилиши, бу эса сунъий интеллектга маълумотларни қайта ишлаш ва контент яратиш нуқтаи назаридан инсон онги имкониятларидан ҳам ошиб кетиш имконини бериши айтилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

тиббиёт сунъий интеллект ChatGPT

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг