Бюрократия ва коррупцияга берилган ҳар қандай раҳбар билан хайрлашамиз – Мирзиёев
Жамият
−
14 Июль 2023
5379Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги Ўзбекистон ҳукумати келгуси 7 йилда қонунларни, одамларни менсимайдиган, бюрократия ва коррупция берилган ҳар қандай раҳбар билан хайрлашади. Бу ҳақда давлат раҳбари бугун, 14 июль куни янги президентлик муддатига киришиши муносабати билан ўтказилаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати қўшма мажлисидаги нутқида сўз очди.
“Одамлар энди биздан янги амалий ишларни кутяпти. Миллионлаб инсонлар – ота-оналаримиз, опа-сингилларимиз, ўғил-қизларимиз бугун бизга умид ва ишонч билан кўз тикиб турибди. Ана шундай умид ва ишончни оқлаш, эришган ютуқларимизни янги натижалар билан мустаҳкамлаш бизнинг нафақат вазифамиз, балки инсоний бурчимизга айланиши шарт”, деб гап бошлади Мирзиёев.
У барча бўғиндаги раҳбарларга чиройли, баландпарвоз гапига қараб эмас, фаолиятининг аниқ натижасига қараб баҳо берилишини урғулади.
“Қонунларни, одамларни менсимайдиган, уларга қўпол муносабатда бўладиган, бюрократия ва коррупция балосига берилган ҳар қандай раҳбар билан – у вазир ёки ҳоким бўладими, бошқа масъул вазифадаги амалдор бўладими – салбий ҳаракатлари билан давлат обрўсига путур етказаётган бундай кишилар билан узил-кесил хайрлашамиз”, дейди Мирзиёев.
Уларнинг ўрнига лавозимларга билимли, Ватан ва халқ ташвиши билан яшайдиган ёш-ёш йигит- қизлар келтирилиши айтилди.
“Мана, сафимизга юртимиздаги, чет элдаги нуфузли олийгоҳларда ўқиган, йирик компанияларда ишлаган қанча-қанча салоҳиятли ёшлар кириб келмоқда. Мен уларнинг тимсолида аввало эртанги кунимизнинг янги раҳбарларини, ҳудуд, тармоқ ва соҳаларнинг моҳир бошқарувчиларини кўраман”, деган Шавкат Мирзиёев.