Тошкентда яна бир шахс жиноятда гумонланиб ушланди
3-саҳифа
−
05 Декабрь 2023
31208Ўзбекистон бўйлаб давом этаётган криминоген вазиятни яхшилаш бўйича кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар давомида пойтахт Тошкентда “Бузрук” номи билан танилган Бузрук Акмалович Бузруков қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
“Тошкент шаҳар ИИББ томонидан “Долзарб қирқ кунлик” доирасида ўтказилаётган тергов-тезкор ҳаракатлар давомида яна бир нечта шахслар жиноят содир этганликда гумонланиб ушланди. Шулар жумласидан, 1985 йилда туғилган Бузрук Акмалович Бузруков”, дейилади ИИББ хабарида.
Қайд этилишича, у Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 277-моддаси 2-қисми (бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик) билан айбланмоқда.
Жиноят иши доирасида гумон қилинувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов давом этмоқда.
“Ҳурматли фуқаролар агар Сиз ушбу шахсдан ёки гуруҳ аъзоларидан жабр кўрган бўлсангиз ёки ушбу шахсларнинг жиноий хатти-ҳаракатлари бўйича маълумотларга эга бўлсангиз, Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-45-69, 71-206-49-46 ёки 102 рақамларига ёхуд 99-370-73-94 телеграм рақамига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади”, дейди ИИББ.