Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Остонага келди
Олам
−
18 Март 2023
3622Буюк Британия Ташқи ишлар ва халқаро тараққиёт вазири Жеймс Клеверли Қозоғистонга келди. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.
Қайд этилишича, Жеймс Клеверли Остонага илк ташрифи чоғида Ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко билан учрашган. Учрашувда Қозоғистонга энергия экспорти учун муқобил йўлларни топишда ёрдам бериш муҳокама қилинган.
“Мен Қозоғистон нефти ва гази оқимидаги узилишларни муҳокама қилиш имконига эга бўлдим. Биз Буюк Британия Ўрта йўлак лойиҳаси (Транс-Каспий халқаро транспорт йўналиши)ни ривожлантиришга ёрдам бериш учун нима қилиши мумкинлиги ҳақида гаплашдик. Қозоғистон маҳсулотларини экспорт қилиш, хоҳ нефт, хоҳ газ, хоҳ нима бўлишидан қатъий назар, биз Қозоғистон ҳукумати билан иқтисодий базани ҳимоя қилиш ва диверсификация қилиш йўлларини ўрганишни давом эттирамиз”, деган Клеверли қозоғистонлик мавқедоши билан учрашувдан сўнг уюштирилган брифингда.
Бундан ташқари, Жеймс Клеверли Буюк Британия ҳукумати Украинадаги можаронинг Қозоғистонга салбий иқтисодий таъсирини камайтириш учун барча имкониятларни ишга солишини айтган.
“Биз биламизки, бу уруш жаҳон мамлакатлари, жумладан, Қозоғистонга ҳам нархларнинг кўтарилиши ва таъминот занжири узилиши билан салбий таъсир қилди. Қозоғистоннинг Украина ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш ва БМТ Низоми тамойилларига мувофиқ урушни тўхтатишга чақириш борасидаги изчил ва принципиал позициясидан мамнунман. Қозоғистон ҳам санкцияларни ҳурмат қилишини ва уларни четлаб ўтиш учун бўшлиққа айланмаслигини очиқ айтди. Биз бу борадаги очиқ мулоқот учун миннатдормиз. Биз Россиянинг Украинадаги урушининг Қозоғистонга иқтисодий таъсирини минималлаштириш учун барча имкониятларни ишга солишда давом этамиз”, деган Британия ташқи ишлар вазири.
Жеймс Клеверли Остонага сафари давомида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Бош вазир Алихан Смаилов қабулида бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, Буюк Британия Ташқи ишлар вазири бизнес, фуқаролик жамияти ва олий таълим муассасалари вакиллари, “Болашак” ва Chevening дастурлари битирувчилари билан ҳам учрашади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли Остонага ташриф буюриб, қиролича Елизавета II номидаги майдон очилишида иштирок этиши хабар қилинганди.