Буюк Британия хориждан келганлар учун 14 кунлик карантинни қисқартирди

Олам 919
image

Буюк Британияга хорижий давлатлардан келган йўловчилар учун 14 кунлик карантин 5 кунгача қисқартирилди. Бу ҳақда мамлакат Транспорт вазирлигига таяниб хабар берилган. 

Транспорт вазири Грант Шаппсга кўра, 15 декабрдан бошлаб мамлакатга келувчилар ўзларини 5 кун яккалагандан сўнг COVID-19 га тест топшириши мумкин. Агар натижа манфий бўлса, улар карантиндан чиқиши мумкин бўлади. 

Мамлакатга ташриф буюрганлар таҳлилни ўзлари изоляция қилинган жойда ёки хусусий клиникалардан бирида ўз ҳисобларидан топширади. 

Буюк Британияга келганлар учун мажбурий карантин талаблари июнь ойидан бошлаб жорий қилинган. 

Эслатиб ўтамиз, 16 ноябрь куни Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон коронавирус сабабли яна ўзини яккалаш режимига ўтганди.

Англияда коронавирус тарқалиши тезлашгани сабабли 5 ноябрдан 2 декабргача янги чекловлар амал қилиши эълон қилингани ҳақида хабар бергандик. 

Маълумот ўрнида, Буюк Британияда коронавирусга чалинганлар 1,53 миллиондан ошиб кетган. 55 минг 230 нафар бемор вирус қурбони бўлган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 8
Рейтинг: 3.4
t
×