Бўстонлиқ – Тошкент – Бўстонлиқ йўналишида автобус қатнови йўлга қўйилди
Жамият
−
18 Август 2020
6121Пойтахтдан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига бориш энди яна ҳам осонашди. Тошкент шаҳри “Машинасозлар метро бекати” – Бўстонлиқ “Юсуфхона қўрғони” йўналишида янги автобус қатнови йўлга қўйилди.
Мазкур автобус йўналишининг масофаси бир томонга сал кам 83 кмни ташкил этади. Автобуслар ушбу масофани 1 соат 35 дақиқада босиб ўтади. Ушбу йўналишда Қибрай туманига қарашли “Тошкент вилояти шаҳарлараро йўловчи ташиш автосаройи” МЧЖ томонидан замонавий, барча қулайликларга эга бўлган YUTONG автобусларида йўловчиларга хизмат кўрсатилади.
Ҳаракатланиш жадвалига мувофиқ бир кунда 18 та қатнов амалга оширилади. Ҳар куни соат 6:00 да илк автобус “Машинасозлар метро бекати”дан йўналишга чиқади. Кун давомидаги охирги автобус қатнови “Юсуфхона қўрғони” дан соат 20:55 Тошкент шаҳри томон йўлга чиқади.
Ушбу йўналишда йўлкира ҳақи 10 000 (ўн минг) сўм этиб белгиланган.
Мазкур йўналишдаги автобус қатнови Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан “Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тумандаги мавжуд муаммоларни бартараф этишни жадаллаштириш чоралари тўғрисида” ўтказилган йиғилишда Транспорт вазирлигига юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилди.
LiveБарчаси