Бўстонлиқдаги “снос”: бузилаётган уйми ё йўл устига ноқонуний қурилган “дача”?

Таҳлил 13351

Пойтахт Тошкентда яшовчи оила дам олиш куни оилавий ҳордиқ учун тоғ ён бағрига, айтайлик, Бўстонлиқ туманига борса, дала ҳовлиларга мурожаат қилади. 5-6 кишига мўлжалланган “дача”нинг бир кунлик нархи эса ўртача 1 миллион сўмни ташкил этади. Хўш, Тошкентда қанча оиланинг бундай ҳордиқ чиқаришга қурби етади? Аниқ рақамларни билмаймиз-ку, аммо кўп эмаслиги аниқ.

Фойдасидан зарари кўп “дача”лар

Бўстонлиқда дам олиш учун сарфланаётган пуллар кимнинг чўнтагини тўлдиряпти? Бу пулларни ўша ерда “сезон” келди дегунча ҳозиру нозир бўладиган “уддабурон”лар жиғилдонига уряпти. Қизиғи, одамларга дам олиш учун берилаётган “дача”лар давлат ерига, йўл устига ноқонуний қурилган ва йўл ҳаракати қатнашчиларига ноқулайлик туғдириб келяпти. Бу ҳам етмаганидек, уни қурганлар олган миллионларидан давлатга солиқ тўлаётгани ҳам йўқ.

Эскилардан кўп эшитганмиз: йўл устига қабр қўйиб бўлмайди, аммо қабр устидан йўл ўтказса бўлади. Бу билан қабрлар ўрнида йўл қурилишига даъво қилинмайди. Аксинча, йўлнинг аҳамияти жиддийлиги тушунилади, холос. 

Йўл йўлакай...

Бошқанинг чўнтагини кавлашдан йироқмиз, аммо нега мавсум келганда тирикчилигини қилаётганлар солиқ тўламаслиги керак. Яна “давлат уни қилиб бермади, буни ортга суряпти” деб таъна қилишни билишади.

Бўстонлиқда “дача” бизнеси шу даражага етганки, пули борлар тақиқланган ҳудудлар, тоғ қияликлари, автомобиль йўллари, сой ва дарёларнинг муҳофаза қилинадиган қисмларини эгаллаб, у ерларга амрнинг кўшкидек “қаср”лар қуриб олган. Бу аввало фуқаролар ҳаётига хавф туғдиради ҳамда табиатга зарар етказади. Дачадан бир кунда 10 киши наф кўриб, дам олар, йўлдан эса кунига минглаб одамлар ўтади. Шундай экан, халқнинг йўлни эгаллаб олиш одамларга хиёнат эмасми?

Бўстонлиқни тартибга солиш нега керак бўлиб қолди?

Кўриб турибсиз, карантин дунё туризмини оғир аҳволга солиб қўйди. Одамлар бошқа мамлакатларга боришдан қўрқиб қолди. Бунда эса ички туризмни янада ривожлантириш, одамларга нафақат ишлаш, балки дам олишга ҳам шароит яратиш масаласи кўндаланг турибди. Бундай ҳолатларга эса Бўстонлиққа туристлар оқими ортиши ортидан чек қўйиш бошланди. Сайёҳларнинг кўпайиши сабабли, туманда инфратузилмани яхшилашга эҳтиёж туғила бошлади. Бунинг ортидан ўз вақтида ҳокимликлар томонидан асоссиз равишда рухсат берилиши сабабли қурилиш қилиб бўлмайдиган ҳудудларда барпо этилган объектлар ноқонуний деб топилиб, бузиладиган бўлган.

Бўстонлиқдаги ўзбошимчаликлар

Расмий маълумотларга кўра, туманда ўрганишлар натижасида 396 та турар ва нотураржой бинолари ноқонуний тарзда қурилгани, 574 та ҳолатда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонлари аниқланган.

Бундай ҳолатнинг юзага келишига биринчи ўринда жиғилдони ҳакалак отган, ҳаромдан тап тортмаган айрим маҳаллий раҳбарларнинг йиллар давомида аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишларини режали ташкил этмагани сабаб бўлган.Натижада одамлар турли қинғир йўллар билан мақсадига эришган.Шаҳар бедарвоза эмас, ҳозирги кунда мазкур масала билан боғлиқ ҳолатда 8 та жиноят иши қўзғатилган ва бу жараён давом эттирилмоқда.

Масалан, “Ғазалкент-Чимён” автомобиль йўлининг Главасой қишлоғи ҳудудидаги мактабнинг фойдаланилмасдан турган ёрдамчи биноси ушбу ҳуддудда яшовчи фуқаро томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган. “Угам” дарёси ҳудудида 150 та ҳолатда 16,7 гектар ер майдони ҳамда объекти бор 2,6 минг метр квадрат майдон тўлиқ хатловдан ўтказилган. Шунга ўхшаш ҳолатлар Қорақия ҳудуди, Ёнғоқсой маҳалласида ҳам аниқланган. Ўзбошимчалик билан қурилган бундай ноқонуний қурилмаларни мажбурий буздириш юзасидан судларга аризалар киритилган.

Чинор автомобиль йўлининг муҳофаза ҳудудида 21 та енгил конструкцияли бостирмалар, ўзбошимчалик билан бунёд этилган темир тўсиқлар бартараф этилган. Ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ва талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 6 та жиноят иши қўзғатилиб, 10 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилинган.

“Чимён” маҳалласи ҳудудида ҳам иншоотлар кўчанинг 3 метрли муҳофаза ҳудудини эгаллагани аниқланган. Оқибатда кўчада пиёдалар учун йўл қолмаган ва ноқулайлик юзага келган. Ҳозирда ноқонуний қурилган объектлар бузилиб, йўллар кенгайтира бошланган. Йўл қуришда пиёдалар учун ҳам алоҳида тротуар қилиш инобатга олинган.

Тумандаги ўзбошимчалик билан амалга оширилган қурилишларни ўз кўзи билан бориб кўрган Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров ҳам қоралади. У қурилишлар бетартиб амалга оширилганига эътибор қаратди.

"Бўстонлиқда арзон, сифатли ва хавфсиз ҳордиқ учун муҳит яратиш вазифаси қўйилган. Бунинг учун эса йўлларни, инфратузилмани тўғрилаб олишимиз керак. Йўл четларида, дарё бўйида, кучли электр қуввати ўтган нуқталарда қурилиш қилиш мумкин эмас. Ҳолатни ўрганиш мобайнида электр сими ўтган жойда ҳам, йўлнинг четида ҳам қурилишлар қилинганига гувоҳ бўлдик. Одамлар юришига йўлакча ҳам йўқ, уйларига қўшиб олган", дейди Ёдгоров.

Масъуллар қурилиш ноқонуний эканини билмаганми?

Бўстонлиқ тумани бош архитектори Олимжон Назировнинг сўзларига кўра, бу ерлар бундан анча йиллар илгари суд орқали фуқароларга берилган. Судга талаб қилинаётган ерлар муҳофаза ҳудудига кириши юзасидан огоҳлантириш берилганига қарамасдан, фуқароларга бўлиб берилган. Ҳозирда уйи бузилишга тушган фуқароларнинг шикоят ва эътирозлари туман ҳокимлиги томонидан ўрганилиб, компенсация тўлаб бериш масаласи кўриб чиқилган. Хонадонлар баҳоланиб, чиқарилган нарх тўлаб берилган. Баъзиларга эса уй майдони ҳисобланиб, бошқа жойдан ер ажратиладиган бўлди.

Тўғри, одамлар “снос”лардан чарчаган, аммо ҳам ноқонуний, ҳам хавфли объектларни бузмасдан бошқа илож йўқ. Қонун ишламас экан, бундай ҳолатлар кейин ҳам кузатилади. Эндиликда фалон миллион пул сарфлаб, тирикчилик қилиш учун иморат солганлар, ерни ажратиш қонунга зид эканини била туриб, унда қурилиш қилишга рухсат берганларнинг ёқасидан олиши энг тўғри ва ягона йўл бўлса керак.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 150
Рейтинг: 3
t
×