Бўстонлиқда ҳарбийлар хавфли ҳужумга учраган фуқарони қутқарди
3-саҳифа
−
02 Октябрь 2021
48827Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ҳарбийлар хавфли ҳужумга учраган фуқаронинг ҳаётини сақлаб қолди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йил 1 октябрь куни соат 16:50 лар атрофида Мудофаа вазирлигининг Бўстонлиқ тумани Чорбоғ қўрғонида жойлашган ҳарбий қисмнинг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари ўз хизмат вазифаларини бажариш учун кетаётиб, Тошкент—Сижжак йўналишидаги автомобиль йўлининг ёқасида икки нафар фуқаро ўзаро жанжаллашаётганига гувоҳ бўлишган.
Ҳарбий хизматчилар зудлик билан машинани тўхтатиб, уларга яқинлашганида фуқаролардан бири жароҳатланган, иккинчисининг қўлида ўткир тиғли пичоқ борлигини кўришади. Улар ҳар иккала фуқарони бир-биридан узоқлаштириб, қўлга олишади ва жароҳатланган фуқарони Чорбоғ тез тиббий ёрдам бўлимига, иккинчисини эса Ички ишлар бўлимига олиб борган.
Дастлабки сўров натижасида олинган маълумотларга кўра, 1995-йилда Тошкент шаҳрида туғилган фуқаро С.М., 1989-йилда Тошкент шаҳрида туғилган A.P.ga тегишли бўлган автомобилда йўловчи сифатида Чорбоғ қўрғонида жойлашган “Бочка” номли ошхонага олиб бориб қўйиши учун 200 минг сўм пул эвазига келишган. Манзилга яқин келганда фуқаро С.М. Тошкент—Сижжак йўлининг хилват жойида машинани тўхтатишни ва шу ерга яна бир ҳамроҳи келишилган пулни олиб келиб беришини айтади. Бир оз вақт ўтгач, ўзаро суҳбатлашиш жараёнида машинанинг орқа ўриндиғида ўтирган С.М. фуқаро A.P.ga тўсатдан пичоқ билан ҳужум қилиб, унинг гавдасини орқа қисми ва бел соҳасига тан жароҳати етказган. А.П. ўзини ҳимоя қилиш мақсадида машинадан тушиб қочаётган вақтида ҳарбий хизматчилар келиб қолгани маълум бўлди.
Ҳолат юзасидан Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан дастлабки суриштирув-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.