Бўрижар каналида чўкиб кетганлар хориж фуқаролари бўлган – БП
3-саҳифа
−
13 Апрель
8591Аввалроқ, Тошкент шаҳрида Бўрижар каналининг Чилонзор туманидан оқиб ўтувчи қисмида 5 яшар бола, бир аёл ва бир эркак чўкиб кетгани ҳақида хабар берилган эди. Улар Хитой ва Россия фуқаролари бўлгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Аниқланишича, Россия фуқаролари – М.Ю.Цуркан ўғли М.П.Цуркан билан жорий йилнинг 10 апрель куни Яккасарой тумани, Шаршара кўчасида жойлашган оқиб ўтувчи Бўрижар канали олдида ўйнаб юрган вақтларида, М.П.Цуркан мазкур каналга эҳтиётсизлик оқибатида тушиб кетган. Ушбу ҳолатга гувоҳ бўлган Ву.Жунан уни қутқариш мақсадида каналга сакраган. Уларнинг орқасидан М.П.Цурканиннг онаси М.Ю.Суркан ҳам каналга сакраган.
Шу куннинг ўзида М.Ю.Цуркан ўғли М.П.Цурканларнинг мурдалари Чилонзор тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Бўрижар каналидан топилган.
Ўзбекистон Республикаси ФВВ Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан олиб борилган қидирув ҳаракатлари натижасида 12 апрель куни каналдан Ву.Жунаннинг ҳам мурдаси топилган.
Шунингдек, Ву. Жунан шу йилнинг 26 март куни тадбиркорларга таржимонлик қилиш мақсадида Ўзбекистонга келгани аниқланган. У 1980 йилда туғилган бўлиб, Яккасарой туманидаги меҳмонхоналардан бирида яшаб келаётган бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.