Бунақаси ҳали бўлмаган, мен эслай олмайман – Саида Мирзиёева

Жамият

image

Айни вақтда бутун дунёда жуда оғир вазият ҳукмронлик қиляпти. Бундан уч ой аввал Хитойнинг Хубэй провинцияси, Ухан шаҳрида пайдо бўлган коронавирус COVID-19 инфекцияси дунёнинг 195 та мамлакат ва ҳудудига кириб борди. Афсуски, вирус Ўзбекистон сарҳадини ҳам босиб ўтди. Айни вақтга қадар мамлакатда 60 киши коронавирусга чалинган. 30 мингга яқин киши карантинда сақланмоқда. 

Ўзбекистонда коронавирус хавфи сабаб 24 март куни соат 00:01 дан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилди. Тошкент шаҳрида жамоат транспортлари ҳаракати тўхтатилди, пойтахтни вилоятлар билан боғловчи постлар ёпилди. Мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотларга ишни масофавий тарзда ташкил этиш вазифаси қўйилди. Айни вазиятда эса шифокорлар, супермаркет, дорихона ходимлари, бозор, такси хизмати, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари халқ саломатлиги ва тинчлиги йўлида хизмат қилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, меҳнат қилаётганларга миннатдорлик билдирди. У ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шундай ёзади: 

“Бутун дунёда карантин. Бунақаси ҳали бўлмаган, мен эслай олмайман.

Бугун ҳаётимизда рўй бераётган воқеаларга бошқа ракурсдан қаралса, одамзод қайта тарбияланаётганга ўхшайди. Унинг юзига кўзгу тутилгандек, гўё. Яхши билан ёмонни ажратиб олиш пайти келгандек. Аллоҳ бизга синов юбориб, ўзимизни ислоҳ қилишга, кўпроқ яхшилик, эзгу ишлар амалга оширишга ундаётгандек. Коронавирус одамлар ўз оиласи, яқинлари билан бирлашиб, оқибатни кучайтириши, инсоф, диёнатни тарғиб этиши учун юборилганга ўхшайди.

Шундай даврда ҳаммани уйда қолишга чорлаб, ўзлари ишлашда давом этаётган сотувчи, кассир, дорихоналар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари, ҳарбий, шифокор, учувчилар жамоалари, ҳайдовчилар, новвойлар ва, энг асосийси, журналист ва  блогерлар – оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда элимиз учун ўз соғлиғи, ҳаётини хавф остига қўйган барча фидойи инсонлар! Сизга бошимиз ерга теккунча таъзимдамиз. Сиз ҳам уйингизда ўтиришингиз мумкин эди. Аммо сиз халқ хизматида бўлишни танладингиз. Бунинг савоби жуда катта бўлса керак.

Сиз бор экансиз, биз хавотир олмасак ҳам бўлади. Илоҳим бу #sinovdavri дан биргаликда эсон-омон ўтиб олайлик!”.

Мирзиёева саҳифасига қуйидаги суратни ҳам жойлаштирган.

Маълумот ўрнида, дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар 457 935 кишини ташкил этмоқда. Улардан 20 781 киши вафот этган. 113 776 киши касалликдан соғайган. Беморларнинг 14 121 нафари ёки 4 фоизининг аҳволи оғир. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

Саида Мирзиёева коронавирус

Баҳолаганлар

1395

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made