Бугун Путин бошчилигида яна бир давлат тақдири ҳал бўлади

Олам

image
0:00
0:00
download

Россия Президенти Владимир Путин бугун, 23 ноябрь куни Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) Коллектив хавфсизлик кенгашининг (КХК) навбатдаги сессиясида иштирок этиш учун Ереванга боради. 

Саммитда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, Беларусь Президенти Александр Лукашенко, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон иштирок этиши кутилмоқда. Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаевнинг иштироки ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. 20 ноябрь куни мамлакатда навбатдан ташқари президентлик сайлови бўлиб ўтди, Тўқаев 80 фоиздан ортиқ овозни қўлга киритди. Унинг инаугурацияси 26 ноябрга белгиланган. 

Кремль матбуот хизмати аввалроқ хабар қилганидек, Ереванда ташкилотдаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари, долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар кўриб чиқилади. 

Бундан ташқари, Путин Пашинян билан учрашади. Россия Федерацияси президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Путин Лукашенко билан “суҳбатлашиш имконига эга бўлишини” таъкидлади. 

Саммит бошланишидан аввал Мудофаа вазирлари кенгаши Ташқи ишлар вазирлари кенгаши ва КХШТ Хавфсизлик кенгашлари котиблари қўмитасининг қўшма мажлиси бўлиб ўтади. Ушбу тадбирлар иштирокчилари коллектив хавфсизлик минтақаларидаги ҳарбий-сиёсий вазиятни муҳокама қилиши кутилмоқда. Шунингдек, кун тартибига ташқи сиёсат, КХШТда ҳарбий ва аксилтеррор ҳамкорлик, коллектив хавфсизлик тизимини мустаҳкамлаш ва янада ривожлантириш масалалари киритилади. 

Арманистонга ёрдам 

КХШТ котибиятида аввал хабар қилинганидек, етакчилар йиғилишида ташкилотнинг инқирозга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш ва Арманистоннинг Озарбайжон билан чегарасида вазият кескинлашгани муносабати билан унга ёрдам кўрсатиш бўйича биргаликдаги чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилади. 

Аввалроқ, шу сабабдан Ереван КХШТнинг навбатдан ташқари саммити ташаббуси билан чиқди, у 28 октябрь куни видеоалоқа орқали ўтказилди. Бундан ташқари, 31 октябрь куни Сочида Россия Президенти Владимир Путин, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ўртасида юзма-юз уч томонлама музокаралар бўлиб ўтди. 

Арманистон 23 ноябрь куни йиғилишда ташкилот давлатлари Озарбайжоннинг чегарадаги ҳаракатларига аниқ сиёсий баҳо беришини, шунингдек, мамлакат ҳудудий яхлитлигини тиклаш бўйича йўл харитасини қабул қилишини кутмоқда. Пашинян аввалроқ айтганидек, Озарбайжон Арманистоннинг суверен ҳудудларини босиб олган, Ереван эса КХШТ бўйича ҳамкорларидан вазиятга баҳо беришни кутишга ҳақли. Арманистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг қўшимча қилишича, Ереван КХШТ ва Озарбайжон ўртасида уруш қўзғаш ниятида эмас, балки ташкилот ўз вазифаларини бажаришини кутмоқда. 

Ереван, шунингдек, КХШТ бўйича ҳамкорларнинг Арманистон ва Озарбайжон ўртасида делимитацияланган чегаралар мавжуд эмаслиги ҳақидаги баёнотларини ноўрин деб ҳисоблайди. Арманистон ҳукумати 1991 йилдаги Олмаота декларациясига мурожаат қилади, унга кўра СССР парчаланганидан кейин собиқ иттифоқ республикаларининг маъмурий чегаралари давлат сарҳади ҳисобланади. 

2023 йилда Беларусь раислиги ва КХШТда ҳамкорликни ривожлантириш

Саммитда Лукашенко Минскнинг келаси йилги ташкилотга раислигининг устувор йўналишларини тақдим этиши кутилмоқда. Бундан ташқари,Коллектив хавфсизлик кенгаши 2023 йил 1январдан навбатдаги ротация муносабати билан КХШТ Бош котиби масаласини кўриб чиқади. 

Ноябрь ойи бошида КХШТнинг амалдаги бош котиби Станислав Зась Беларусь Президенти билан учрашувдан сўнг Минскнинг талаби “анъанавий тарзда оддий” эканлигини айтди: устуворликлар мавҳум, узоққа чўзилган бўлмаслиги, ташкилот дуч келаётган долзарб муаммолар билан боғлиқ бўлиши керак. 

Лукашенко КХШТ давлатларини сиёсий ҳамкорлик даражасини оширишга, халқаро майдондаги позицияларини мувофиқлаштиришга, мамлакатларга гибрид таъсир кўрсатиш шакллари ва усуллари сифат жиҳатидан такомиллаштирилаётганини ҳисобга олган ҳолда тегишли жавоб чораларини ишлаб чиқишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатларнинг тезкор бирлашмасисиз, сиёсий, иқтисодий, ҳарбий алоқалар мустаҳкамланмай туриб, эртага КХШТ мавжуд бўлмаслиги мумкин.

Афғонистондан таҳдидлар

Афғон муаммоси ва бу мамлакатдан келаётган таҳдидлар ташкилот учун долзарб бўлиб қолмоқда. Шу тариқа, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон илғор ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда Афғонистонда ўз мавқеини мустаҳкамлаётган террорчи гуруҳлар фаолиятини кенгайтириш ҳақида гапирди. Унинг фикрича, бундай гуруҳлар Марказий Осиё минтақаси учун жиддий хавф ҳисобланади. 

Шу билан бирга, Тожикистон раҳбарияти Афғонистондан республика ва минтақанинг бошқа мамлакатларига наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишининг ўсишига эътибор қаратди. Мамлакат Бош прокуратураси маълумотларига кўра, ўтган йили Тожикистонда Афғонистондан олиб ўтилган гиёҳванд моддалар мусодара қилингани сони 4 тоннагача ошган, бу 2020 йилдаги кўрсаткичдан деярли икки баравар кўпдир.


Мақола муаллифи

Теглар

КХШТ

Баҳолаганлар

634

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг