Булар шунчаки завод эмас, ҳаётимизни ҳал қилувчи масалалардан бири – Мирзиёев
Жамият
−
21 Октябрь
8152Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 21 октябрь куни Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, улардан электр энергияси ва маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳалари тақдимоти билан танишиш давомида заводлар мамлакатнинг ҳаёт-мамотини ҳал қиладиган масалалардан бири эканини айтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
“Булар шунчаки завод эмас, ҳаёт-мамотимизни ҳал қиладиган масалалардан бири. Ер-сувларимизнинг яроқлилиги ҳам, аҳоли саломатлиги ҳам, ҳаво тозалиги-ю энергетика барқарорлиги ҳам шу соҳага боғлиқ. Чиқиндилар тўғри тўпланиб, кўпроқ қайта ишланса, экологик мувозанат яхшиланади, табиат тоза бўлади, жамият ўзгаради”, дея таъкидлаган Президент.
Лойиҳалар 2025-2027 йилларда Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилган.
Масалан, Хитойнинг “CAMC Engineering” компаниясининг 350 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестицияси ҳисобидан Андижон ва Тошкент вилоятларида 2 та завод барпо этилади. Уларда кунига 4 минг тонна чиқинди қайта ишланиб, йилига 630 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.
Бу соҳага Хитойнинг бошқа бир компанияси – “Shanghai SUS Environment” ҳам қизиқиш билдирган. У 310 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция киритиб, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида 2 та завод қуришни режалаштирган. Уларда кунига 3 минг тонна чиқинди қайта ишланиб, йилига 480 миллион киловатт соат электр энергияси олинади.
Бирлашган Араб Амирликларининг “Tadweer Group” компаниясининг 200 миллион доллар маблағи эвазига Бухоро ва Навоий вилоятлари учун битта завод қурилади. Унда кунига 1500 тонна чиқиндини қайта ишлаш ва йилига 363 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати яратилади.
Жанубий Кореянинг “Sejin” компанияси иштирокидаги лойиҳага кўра, 55 миллион доллар эвазига Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги маиший чиқинди полигонида ҳосил бўладиган газдан муқобил электр энергияси олиш йўлга қўйилади. Унинг қуввати 16 мегаватт бўлиши кўзда тутилган.
Умуман, лойиҳалар натижасида қаттиқ маиший чиқиндилардан оқилона фойдаланиш таъминланади. Йилига 4,7 миллион тоннадан ортиқ чиқинди ёқилиб, 2 миллиард 100 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. 97 миллион АҚШ доллари қийматидаги электр энергияси сотилади. Шунингдек, булар орқали 152 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинади ҳамда 2,4 миллион тонна иссиқхона газлари камаяди. 1200 та янги иш ўрни яратилиши айтилган.