Бухорога одамларнинг бирини икки қилиш учун келдик – Мирзиёев
Жамият
−
17 Февраль 2023
9532Бугун, 17 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига бориб, Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, зиёрат давомида Қуръон тиловат қилиниб, вафот этганлар ҳақига ва Ўзбекистонга тинчлик-фаровонлик тилаб дуо ўқилди.
“Ҳамма жойларга бориб, соҳаларга туртки бериб, муаммоларни ҳал этиб, халқни рози қилишга ҳаракат қиляпмиз. Бугун Бухорога ҳам янги марраларни белгилаш, одамларнинг бирини икки қилиш учун келдик. Ҳамма хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Маълум қилинишича, олимлар билан суҳбатда Президент диний таълимни ривожлантириш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш зарурлигини таъкидлади.
“Охирги йилларда ҳамма соҳалар қатори дин бўйича ҳам очиқлик, эркинлик берилди, бир нечта илмий марказлар ташкил этдик. Лекин булардан халқимизга нима манфаат бўлаяпти? Манфаат шундай бўлиши керакки, бу салоҳиятни жамиятга етказиш керак. Бухорий, Мотуридий, Марғиноний каби буюк боболаримиз меросига таянган ҳолда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш зарур. Бунинг учун диний таълимни амалиёт билан боғлаш, илмий марказларимизни дунёда етакчиларга айлантириш керак”, дейди давлат раҳбари.