Бухородаги Пои Калон “ШҲТнинг 8 мўъжизаси” қаторига кирди
Жамият
−
12 Август 2019
367921 июнь куни Пекин шаҳрида ШҲТ Куни муносабати билан ўтказилган тантанали қабул доирасида “ШҲТнинг 8 мўъжизаси” мавзусидаги тақдимот бўлиб ўтди. ШҲТ котибияти томонидан ташкил этилан тадбирда 600 дан зиёд сиёсий, ижтимоий, бизнес доиралар ва дипломатик корпус вакиллари иштирок этишди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Матбуот хизмати хабар берди.
ШҲТ бош котиби Владимир Норов ўз нутқида 18 йил аввал Ташкилотга асос солишга доир қабул қилинган қарор унга аъзо давлатларнинг тинчлик ва барқарорликка йўналтирилган муҳим стратегик танлови бўлганини таъкидлади. Нуфузли меҳмонлар бош котиб ҳамроҳлигида “ШҲТнинг 8 мўъжизаси” кўргазмасини кўздан кечиришди.
Кўргазмадан ШҲТ мамлакатлари табиати, урф-одатлари, анъанавий либослари, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва миллий таомларига бағишланган фотоматериаллар, видеороликлар ва қўлланмалар ўрин олган.
Таъкидлаш жоизки, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари бу кўп миллатли ва цивилизациялараро мулоқотнинг ажойиб уйғунлигидир. Уларнинг ҳар бири бир-биридан ажойиб маданий ва меъморий ёдгорликлар ҳамда бетакрор табиатга эга.
Шуниси диққатга сазоворки, “ШҲТнинг 8 мўъжизаси” рўйхатидан Бухоро кўрки бўлган, Пои Калон меъморий ансамбли ҳам ўрин олган бўлиб, Ташкилотга асос солинган куни ушбу тарихий масканнинг ҳам тақдимоти ҳам ўтказилди.
Пои Калон меъморий ансамбли Минораи Калон атрофидаги ҳудудни ўз ичига олади. Комплекс XII-XIV асрларда 3 бинодан иборат: Минораи Калон, Масжиди Калон ва Мир Араб мадрасаси. Минораи Калон 1127 йилда Арслон хон томонидан бунёд этилган бўлиб, деярли 900 йил давомида таъмирланмаган. Унинг баландлиги 46,5 метрни ташкил қилади. Масжиди Калон – Самарқанддаги “Бибихоним”дан кейин Марказий Осиёда катталиги бўйича иккинчи ўринда турувчи масжид. Убайдуллахон ҳукмронлиги даврида, қорахонийлар масжиди ўрнида қурилган. Қурилиш ишлари 1514 йилда тугалланган. Мир Араб мадрасаси Убайдуллахон ҳукмронлиги даврида, 1535-1536 йилларда қад кўтарган. Масжид анча катта бўлиб, 111 та ҳужра ва 2 зални ўз ичига олган.
ШҲТнинг маданиятлар хилма-хиллигига ҳурмат, ҳамкорликда ривожланишга интилиш каби тамойиллари Ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида дўстона алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди.