Бухородаги “Отбозор” турмасида қийноқлар давом этяптими?
3-саҳифа
−
22 Февраль
12093Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда маҳбусларга нисбатан қийноқлар давом этаётгани ҳақида видеохабар тарқалди. Омбудсман ҳолат юзасидан ўрганиш олиб борди.
Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеомурожаатда Бухоро вилояти "Отбозор" турмасида сақланаётган маҳбусларга нисбатан қийноқлар амал қилиши ҳақида сўз борган. Унда маҳкумларнинг сочлари тақир калга олиниши, уларга тефаль ва нос киритилмаслиги, кўникма марказлари ва тинтувга оид норозиликлар билдирилган.
Ушбу видеохабарда Бухоро шаҳридаги 4-сон Тергов ҳибсхонаси (ТҲ) ҳақида гап кетаётгани аниқланган. Мурожаат зудлик билан Омбудсман назоратига олиниб, унинг вилоятдаги минтақавий вакили томонидан жойига бориб ўрганилди.
Мониторинг давомида, ҳибсхонада сақланаётган маҳбуслар билан учрашилиб, хабарда келтирилган ҳолатлар юзасидан сўралганда, улар қайнатилган сув сўралган заҳотиёқ берилаётгани, сочлари эса фақат машинкада енгиллаштирилган ҳолда олиниши, ҳар ҳафта ювинишга етарли вақт берилаётгани, посилка ва бандероллар ҳамда йўқловлар орқали тамаки маҳсулотлари олаётганликларини билдирган.
Улар билан суҳбат давомида омбудсман минтақавий вакилига қийноқ ҳолати бўйича мурожаатлар келиб тушмади. “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонуннинг 26-моддасига кўра, ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганларга қонунчиликда белгиланган санитария, гигиена ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган маиший шароитлар яратилади.
ТҲда хавфсизлик нуқтайи назаридан тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахслар учун яқин қариндошлари томонидан электрон чойнак берилиши тақиқланган. Мониторингда ҳибсхона маъмурияти томонидан ТҲда сақланаётган шахсларни доимий равишда қайнатилган сув ва иссиқ чой билан таъминлаш мақсадида сув қайнаткич ўрнатилгани аниқланди.
Қайд этиш жоизки, нос тамаки маҳсулоти расмий рўйхатдан ўтказилмагани, маҳсулот нимадан иборатлиги номаълум бўлгани сабабли тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахсларга берилишига ҳибсхона раҳбарияти томонидан чеклов қўйилгани аниқланди.
Тергов ҳибсхонасига олиб келинган шахсларни 10 кун давомида кўникма марказига жойлаштириш ҳолатига аниқлик киритиш бўйича Ички ишлар вазирлигига омбудсман назорат хати киритилди. Омбудсман минтақавий вакили 2024 йилнинг январь ва февраль ойларида ушбу ҳибсхонага жами 5 маротаба мониторинг ташрифини амалга оширган ва “омбудсман қути”ларидаги мурожаатларни қабул қилган.
Сарвар Хуррамов