Бухорода тарихий тангани хорижга олиб кетмоқчи бўлган шахс ушланди
Жамият
−
22 Февраль
5846Бухорода мамлакат ҳудудидан қадимий тангани олиб чиқиб кетмоқчи бўлган шахс ушланди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди.
Воқеа жорий йилнинг 15 февраль куни Бухоро халқаро аэропортида содир бўлган. Туркиянинг Истанбул шаҳрига учиб кетаётган Ўзбекистон фуқароси қадимий тангани мамлакат ҳудудидан олиб чиқишга уринган.
Дастлабки маълумотларга кўра, йўловчининг қўл юклари божхона ходимлари томонидан холислар иштирокида текширилганда “40 пора” қийматдаги қизил металлдан зарб қилинган танга борлиги аниқланиб, ушлаб қолинган.
Бухоро вилоят Маданий мерос бошқармаси бадиий экспертиза бўлими ходимлари томонидан танга бадиий экспертизадан ўтказилганда эса у “40 пора” қийматдаги қизил мисдан зарб қилингани ва Усмонийлар сулоласи султони Султон Абдулмажид I ҳукмронлиги даврига тегишлилиги аниқланди. Маълум қилинишича, танга 1839 йилда Истанбулда зарб қилинган.
“Танганинг олд томонида танга зарб қилинган сана ҳамда “Маҳмудхон бин Абдулҳамид Музаффарнинг ғалабаси шарафли бўлсин” ёзуви туширилган”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 23 мартдаги “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги низомига кўра тангани Бухоро давлат-музейи қўриқхонасига топшириш тавсия этилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида Хива хонлиги ва Бухоро амирлиги даврига оид тангаларни сотаётган шахс ушланганди.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь