Бухорода сохта аккаунт орқали мансабдор шахс номидан фирибгарлик қилинди (видео)

3-саҳифа

image

Бухоро вилоятида номаълум шахс осон йўл билан пул топиш мақсадида Telegram ижтимоий тармоғида вилоятдаги нуфузли ташкилот раҳбари номидан сохта аккаунт очгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди. 

Маълум қилинишича, ушбу фуқаро ишончга кириш учун очилган саҳифага ташкилот раҳбарига тегишли суратларни жойлаштириб, ўзини мансабдор шахс сифатида кўрсатишга ҳаракат қилган. Сохта аккаунт орқали вилоят ҳудудида фаолият юртаётган бир қатор корхона, муассаса ва ташкилот раҳбарларига “хизмат топшириғи” мазмунидаги хабарлар юборган. 

Шундан сўнг, турли баҳоналар билан хизмат юклатилган шахснинг ўзи келиб овора бўлмаслигини билдириб, масалани тез ҳал этиш учун зарур пул маблағларини пластик карта орқали ўтказиб беришни сўраган. Ўзини юқори лавозимдаги раҳбар сифатида таништирган шахснинг ёлғонларига ишонган ташкилот раҳбарларидан бири банк пластик картасига 8 миллион сўм пул маблағларини ўтказиб берган. 

Ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан тезкор қидирув ва суриштирув тадбирлари олиб борилган. Натижада ушбу жиноятни 1980 йилда Олот туманида туғилган муқаддам бир неча бор судланган, ҳозирда ишсиз, Когон туманида яшовчи фуқаро содир этгани аниқланган. 

Айни вақтда мазкур шахснинг бошқа, шунга ўхшаш жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тезкор қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда. 

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қозғатилган ҳамда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Божхона қўмитаси номидан сохта саҳифалар очиб, фуқароларнинг пулларини ўзлаштириб келган жиноий гуруҳ қўлга олинганди.

 

 


Мақола муаллифи

Теглар

фирибгарлик Telegram

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг