Бухорода саксовул олиб қочишга уринган шахс қамалди (видео)
3-саҳифа
−
29 Сентябрь 3875
Бухоро вилоятида саксовулни кесиб, олиб кетаётган шахс инспекторларнинг қонуний талабларига бўйсунмагани ҳамда фаол қаршилик кўрсатиб, қочишга урингани учун 10 суткага қамалди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, вилоят Экология бошқармаси Шофиркон туман бўлими ходимлари томонидан навбатдаги навбатдаги назорат-рейд тадбири ўтказилган. Рейд давомида туманнинг чўл ҳудудидан саксовул ўсимлигини ноқонуний равишда кесиб, олиб кетаётган Форд русумли автомашина тўхтатилган. Текширув натижасида автомашина ичида бўлган 3 нафар фуқаро саксовул ўсимлигини ноқонуний тарзда синдириб, олиб кетаётгани аниқланган.
Туман Экология бўлими ходимлари автомашинани белгиланган тартибда жарима майдончасига олиб бориш бўйича қонуний талаб қўйган бўлса-да, ҳуқуқбузарлар инспекторларнинг қонуний талабларига бўйсунмай, воқеа жойидан қочишга уринган ҳамда фаол қаршилик кўрсатган. Ҳолат юзасидан вилоят Экология бошқармаси томонидан Шофиркон тумани ИИБга қонуний чора кўриш учун расмий билдириш хати юборилган.
Ушбу ҳуқуқбузарлик Шофиркон тумани Жиноят ишлари бўйича судида кўриб чиқилган ва фуқаро А.С. га инспекторларнинг қонуний талабларига бўйсунмагани ҳамда фаол қаршилик кўрсатиб, қочишга урингани учун 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.
Шунингдек, қолган 2 нафар фуқаронинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари – 10 млн 300 минг сўмдан жарима тайинланган. Қолаверса, табиатга ҳуқуқбузарлар томонидан жами 32 млн 298 минг сўм зарар етказилгани ҳисобланган.
Бундан ташқари, суд томонидан қонуний буйруққа бўйсунмаганлик учун саксовул синдирган 3 нафар ҳуқуқбузарнинг ҳар бирига ҳамда воқеага аралашган яна бир фуқарога БҲМнинг 5 бараваридан (2 миллион 60 минг сўм) жарима тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразм вилоятида ноқонуний равишда саксовул кесган фуқароларни таъқиб қилган инспекторларга тан жароҳати етказилгани ҳақида хабар берилган эди. Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлар 2 нафар Бухоро вилояти Экология бошқармаси инспекция ходимларини юз ва тана қисмларининг барча соҳасига уриб, турли хил оғир тан жароҳатлари етказган (Н.Муҳаммадиевнинг оёғи синган). Кейин уларни юк машинасининг бортига юклаб, ўзлари билан олиб кетаётган вақтда инспекторлар ҳаракатланиб турган юк машинасининг орқа борт қисмидан ўзларини ташлаб, қочишга улгурган.