Бухорода оғир ва ўта оғир жиноятлар сони ортиб бормоқда
3-саҳифа
−
04 Сентябрь 2023
15438Бухоро вилоятида оғир ва ўта оғир жиноятлар сони ортиб бормоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Маълум қилинишича, 2023 йилнинг 7 ойи мобайнида вилоятда жами 2 минг 683 та жиноят қайд этилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 67 тага кўп. Жумладан, вилоятда талончилик 8 тага, товламачилик 6 тага, фирибгарлик 9 тага, безорилик эса 17 тага ортган.
Шунингдек, жорий йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида жами 819 та оғир ва ўта оғир жиноятлар қайд этилган, бу ўтган йилга нисбатан 39 тага ёки 5 фоизга ошган.
Мазкур жиноятларнинг шахслар кесимидаги таҳлилига қаралса, ишсизлар жинояти 44 тага, маст ҳолда содир этилган жиноятлар 18 тага камайган бўлса-да, вояга етмаганлар жинояти 77 тага, аёллар жинояти 123 тага, ёшлар жинояти 144 тага, муқаддам судланганлар жинояти 41 тага ортганини кўриш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2023 йилдаги жиноятчилик даражаси энг юқори бўлган давлатлар рўйхати эълон қилинган эди. Марказий Осиё давлатлари ичида Қирғизистон энг юқори даражада жиноятчилик содир этиладиган давлатлар қаторидан жой олган. Мамлакатда ҳар 100 минг аҳолидан 56,87 киши жиноят содир этган. Бу эса Қирғизистонни индексда 31-ўринга жойлаштиради. Шунингдек, Қозоғистонда ҳам жиноятлар кам эмас. Давлат 40-ўринда (53,77) қайд этилган.
Ўзбекистон эса жиноятчилик нисбатан камроқ содир этиладиган давлатлар қаторида. Ўзбекистон фуқаролари ичида ҳар 100 минг аҳолидан 33,42 киши жиноят содир этиб, 99-ўринда қайд этилган. Туркманистон ва Тожикистон рўйхатга киритилмаган.
LiveБарчаси