Бухорода кучли шамол уй томини учириб юборди

Жамият

image

Бухоро вилоятининг айрим жойларида кузатилган кучли шамол оқибатида 3 қаватли уй томидаги қоплама қулаб тушди. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.

Маълум бўлишича, кеча 20 февраль куни кечки пайт Бухоро вилояти ҳудудининг айрим жойларида кучли шамол кузатилган. Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотларига кўра, Бухоро шаҳар “Ф.Хўжаев” маҳалла фуқаролар йиғини “Афросиёб” кўчасида 3-қаватли уй томининг 60 квадрат метр тунука қопламаси қулаб тушган. Қайд этилишича аҳолига зарар етмаган. Содир бўлган талафот вилоят ФВБ ёнғин-қутқарувчилари томонидан бартараф этилган.

Шунингдек, Самарқанд шаҳрининг атмосфера ҳавосида чанг ғубори кузатилган. Шаҳарда кўриниш масофаси 5000 метргача қисқарган. Шамол тезлиги секундига 8 метни ташкил этган.

Қайд этилишича, ПМ10 майда дисперсли заррачаларнинг миқдори 1056,7 мкг/м3 ни ташкил этган. Бу рухсат этилган меъёрлардан (РЕМ) (300 мкг/м3) 2,1 марта юқори дегани.

Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида соат 22:00 дан 23:44 оралиғида шамол ва чанг бўрони кузатилган. Шамол тезлиги секундига 13-18 метрни ташкил қилган.

Жиззах вилоятининг Зомин туманида ҳам кучли шамол кузатилган. Маълумотларга кўра, соат 23:45 дан бошлаб шимолий-шарқ йўналишида секундига 19 метр тезликда шамол эсиши кузатилган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзгидромет 21-22 февраль кунлари кутилаётган ёғингарчилик ҳамда ҳаво ҳароратининг ўзгаришлари сабабли айрим ҳудудларда қор кўчиш хавфи мавжудлиги ҳақида хабар берганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурхондарё Самарқанд Бухоро Жиззах кучли шамол

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг