Бухорода “Халқаро математика мактаби” ташкил этилади
Жамият
−
01 Июнь 2019
5441Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бухоро вилояти Қоракўл туманида “Халқаро математика мактаби”ни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Бухоро вилояти ҳокимлигининг Қоракўл туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатига “Халқаро математика мактаби” мақомини бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.
Қуйидагилар Халқаро мактабнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:
• умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида замонавий ахборот технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда аниқ ва табиий фанлар ҳамда чет тилларининг чуқур ўқитилишини ташкил этиш;
• ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини намоён қилиш ва фаоллаштириш;
• ҳар бир ўқувчининг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мустақил тадқиқотчилик фаолияти кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш;
• юқори касб маҳоратига эга бўлган маҳаллий ва хорижий мамлакатлардан тажрибали ўқитувчиларни жалб қилиш;
• иқтидор ва истеъдодни аниқлаш ҳамда камол топтириш бўйича ўқувчиларни республика ва халқаро фан олимпиадалари, танловлар ва бошқа тадбирларда қатнашишга тайёрлаш;
• республикадаги аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларига умумий методик ёрдам кўрсатиш.
Бухоро вилояти Қоракўл тумани Улуғбек кўчаси 5-уйда жойлашган Қоракўл саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан биргаликда Халқаро мактабга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилади.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Қоракўл саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежи бино ва иншоотлари, моддий-техник воситалари, ўқув ускуналари ва бошқа мулклари билан бирга қабул қилиб олишини таъминлайди.
Белгилаб қўйилишича:
2019-2020 ўқув йилидан Халқаро мактабнинг 7-синфига 90 нафар ўқувчи қабул қилинади;
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига халқаро мактабнинг моддий-техника базасидан, педагог кадрларнинг салоҳияти ҳамда эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади;
хорижий мамлакатлардан математика фанига қизиқувчи иқтидорли ўқувчиларни шартнома асосида таълим олишларига имконият яратилади;
Халқаро мактабда ўқувчиларга янада чуқурроқ билим бериш, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибалари ва ўқитиш методикасини сингдириш учун хорижий мамлакатлардан ўқитувчиларни ишга қабул қилишга рухсат берилади;
2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Халқаро мактаб директори, ўринбосарлари ва ўқитувчиларга бюджет маблағлари ҳисобидан 100 фоиз қўшимча устама ҳақ тўланади.
LiveБарчаси