Бухорода бирданига 50 киши коронавирусдан тўлиқ соғайди
Жамият
−
26 Апрель 2020
7561Бугун, 26 апрель куни Бухоро вилоятида бир йўла 50 нафар бемор тўлиқ соғайди. Беморларнинг 23 нафари вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан, 27 нафари эса вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказидан чиқишди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Шифо топганларнинг 44 нафари Россиядан, 6 нафари эса Туркиядан чартер рейслар орқали Бухорога олиб келинган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, ихтисослашган шифохонага жойлаштирилган. Улардан 43 нафари эркак, 7 нафари аёл. Беморларнинг 9 нафари Самарқанд вилоятидан, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидан 8 нафардан, 5 нафари Андижон вилоятидан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Наманган вилоятидан 4 нафардан, 3 нафар Тошкент шаҳридан бўлса, Хоразм, Фарғона ва Сирдарё вилоятларидан 2 нафардан, Жиззах, Тошкент ва Сурхондарё вилоятларидан 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 59 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 5 ёшли қизалоқ.
Бухоро вилояти бўйича шу пайтга қадар 210 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 260 нафарга етди. Юртимизда беморларнинг соғайиб чиқиши бўйича Тошкент шаҳридан кейин энг юқори кўрсаткич Бухоро вилоятидан қайд этилмоқда.
Ҳозирда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайган беморлар 757 нафарни ташкил этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирус юқтирганлар 1865 нафарга етди. Бугунгача беморларнинг 8 нафари вафот этган.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси