Бухорода 15 яшар ўқувчи каналда чўкиб кетди
3-саҳифа
−
13 Июнь 2021
15638Бухоро вилоятининг Олот туманида вояга етмаган бола ўз хонадонидан чиқиб, чўмилишга бориб, сувга чўкиб кетди. Унинг жасади бир кундан кейин топилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ФВБ хабар берди.
Жорий йилнинг 9 июнь куни тумандаги 25-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси соат 11:40 ларда имтиҳонни топшириб бўлгач, соат 12:00ларда уйига кетган. Тумандаги “Халифа” маҳалласида яшовчи С.М. соат 14:15 лар атрофида 4 нафар мактабдоши билан Қоракўл туманидан оқиб ўтувчи катта “Аму-Бухоро” каналида чўмилган.
Чуқурлиги тахминан 4-5 метр, сув ҳажми ҳам жуда баланд бўлган канал 15 ёшли С.М.ни оқизиб кетган. Унинг ёнида бўлган тенгдошлари С.М.ни қутқаришга уринишган. Бироқ ҳаракатлари зое кетган. Ҳолатдан қўрқиб қолган ўсмирлар воқеа жойидан қочиб кетишган.
Болани қидириш ишларига ФВБнинг ғаввос-қутқарувчилари, балиқчилар жалб этилганди. Канал суви ҳажми жуда юқорилиги сабабли болани тирик қутқариб қолиш имкони бўлмаган. Қидирув 10 июнь тонгига қадар давом этган ва шу куни боланинг жасади балиқчилар тўр халтаси орқали топилган.