Бухоро ҳокими ҳам лавозимига тасдиқланди
Жамият
−
06 Ноябрь
2236Бугун, 6 ноябрь куни Бухоро вилояти ҳокими сифатида фаолият юритиб келаётган Ботир Зарипов Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг еттинчи чақириқ биринчи сессиясида яна ушбу лавозимга тасдиқланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, сессияда Ботир Комилович Зарипов Бухоро вилояти ҳокими лавозимига бир овоздан тасдиқланган.
Бундан ташқари, сессияда вилоят сайлов комиссияси раисининг жорий йил 27 октябрда бўлиб ўтган сайлов якунлари тўғрисидаги ахбороти тингланган. Унда 24-Хумдонак сайлов округидан сайланган депутат Жамол Ражаббоевич Ашуров халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши раиси этиб сайланган.
Шунингдек, сессияда Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашига сайланган депутатларнинг партия гуруҳлари рўйхатдан ўтказилиб, вилоят Кенгашининг Регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги Низом тасдиқланган.
Маълумот учун, Ботир Зарипов 1969 йилда Ғиждувон туманида туғилган. У банк соҳасида турли лавозимларда ишлаган. 2016-2020 йилларда республика қурилиш материаллари саноатини бошқарган. Ботир Зарипов 2020 йил 7 ноябрь куни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. 2022 йил январь ойида эса Бухоро вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланган.
Қонунчиликка кўра, вилоят ҳокими лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдим этилади ҳамда ушбу номзод бўйича партия гуруҳлари билан маслаҳатлашув ўтказилади. “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасига (Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият бошлиғини лавозимига тайинлаш ва лавозимдан озод этиш) кўра, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ айни бир вилоят, туман, шаҳар ҳокими этиб тайинланиши мумкин эмас. Ҳокимларнинг ваколатлари муддати – 5 йил. Конституциянинг 123-моддасига кўра, вилоят ҳокимларининг ваколатига Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ҳамда фармойишларини, Вазирлар Маҳкамасининг, юқори турувчи ҳокимларнинг ва тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларини бажариш; ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жиҳатдан ривожлантиришни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш; маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти ҳокими сифатида фаолият юритиб келаётган Эркинжон Турдимов, Хоразм вилояти ҳокими сифатида фаолият юритиб келаётган Жўрабек Раҳимов, Навоий вилояти ҳокими сифатида ишлаб келаётган Нормат Турсунов ва Жиззах вилояти ҳокими сифатида фаолият юритиб келаётган Эргаш Солиев Халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг сессияларида ўз лавозимларига тасдиқланган эди.
LiveБарчаси
06 Ноябрь