Бухоро вилояти аҳолиси тўлиқ иш билан таъминланади
Жамият
−
06 Сентябрь 2023
5449Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида аҳоли бандлигини таъминлашга доир таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ҳозирги кунда Бухоро вилоятида 1 миллиондан зиёд меҳнатга лаёқатли аҳоли бўлиб, шундан 76 минг нафари ишсиз. Ҳар йили меҳнат бозорига 37 мингга яқин ёшлар кириб келмоқда.
“Шу боис Бухорода 11 та пахта-тўқимачилик ва ғаллачилик кластерлари бўлиб, улар томонидан саноат ва қишлоқ хўжалигида 94 мингта, шу жумладан, касаначиликни ривожлантириш орқали 19 мингта иш ўрни очилиши мўлжалланмоқда”, дейилади хабарда.
Маҳаллаларда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик, чорвачилик, савдо ва хизмат кўрсатиш йўналишларида 57 та микромарказ, ишсизлик юқори бўлган 98 та маҳаллада кичик тикув цехларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Тақдимотда масъуллар томонидан 15 минг гектар экин ерларини янги деҳқон хўжаликлари ташкил этиш учун аҳолига очиқ электрон танлов асосида бериш, давлат активларини аукционга чиқариш, уларнинг негизида иш ўринларини кўпайтириш таклифлари билдирилди.
Умуман, ушбу чора-тадбирлар натижасида жорий йилда 250 мингта иш ўрни яратилиши, 2023-2025 йилларда Бухоро вилояти аҳолиси тўлиқ иш билан таъминланган ҳудудга айлантирилиши қайд этилган.
Шунингдек, Президентга Ҳиндистон билан ҳамкорликда Қоракўл туманида IT-кластер ташкил этиш лойиҳаси ҳақида ҳам ахборот берилган.
Давлат раҳбари мазкур таклифларни маъқуллаб, қўшимча топшириқлар берган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь