Бугунги Apple тақдимотида iPhone 12 намойиш этиладими?

Технология 3223
image

Бугун, 15 сентябрь куни кечқурун Apple ўзининг янги маҳсулотларини намойиш этади. Бундай тақдимот ҳар йили сентябрь ойида ўтказилиши анъана тусига кирган. Унда, одатда, iPhone флагманлари намойиш қилинарди. Бу сафар ҳам компания iPhone 12 тақдимотини режалаштирганди. Аммо, анъана бузиладиганга ўхшайди.

IT-журналист ва инсайдер Марк Гурман Apple компаниясининг янги маҳсулотлари орасида iPhone 12 бўлмайди деган фикрда. Олдин у биринчилардан бўлиб, компания iPad ишлаб чиқараётгани ҳақида хабар берган. iPhone 4s ва Siri ҳақидаги маълумотларни тарқатган. iPhone 5 нинг биринчи фотосуратларини намойиш этган. Гурман кам хато қиладиган одам сифатида обрўга эга. Бугун ўтказиладиган тақдимотда унинг вазиятни олдиндан билиш қобилияти яна бир бор синовдан ўтади. 

"iPhone 12 намойиши бугунги тақдимотда бўлмайди", деган фикрни бошқа таниқли инсайдер Жон Проссер ҳам илгари сурмоқда (у Марк Гурмандан кўпроқ адашади). 

Улар коронавирус пандемияси таъсиридаги таъминот муаммолари туфайли iPhone 12 октябрь ойида намойиш этилади, деб ҳисоблашмоқда. 

Маълумотларга кўра, бугун Apple янги Apple Watch ақлли соатлари, янгиланган iPad Air, кичикроқ HomePod колонкалари ва қулоқчинларни намойиш этиши кутилмоқда.

Рушанабону Султонова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 90
Рейтинг: 3.1
t
×