Бугундан бошлаб бизнесмен эмасман – Алламжонов

Жамият 13304
image

Комил Алламжонов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари лавозимига тайинлангани боис барча бизнесларини бошқа эгаларига топширди. У энди тадбиркорлик фаолияти билан шуғунмаслигини айтмоқда. Бу ҳақда Алламжонов ўзининг шахсий Telegram-каналида эълон қилган баёнотида айтган. 

У ўз баёноти аввалида сўнгги янгилик, фикр ва режаларини кузатувчилари билан ўртоқлашишни маъқул топганини урғулайди. 

“Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фармонлари, ишончлари билан бугун мен жуда масъулиятли вазифага тайинландим. Давлатимиз раҳбарига ўзимга билдирилган яна бир ишонч учун ташаккур билдирган ҳолда, мен буни биринчи навбатда жуда катта масъулият деб билишимни алоҳида таъкидлашни истардим”, дейди Алламжонов. 

У бугундан бошлаб Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси лавозимидаги фаолиятини якунлаганини очиқлаган. 

“Бугундан бошлаб мен барча бизнес лойиҳаларимни, компанияларимни ҳам бошқа эгаларига топшираман. Бугундан бошлаб мен бизнесмен эмасман. Чунки мен манфаатлар тўқнашувига мутлақо қаршиман ва қолганларга ҳам шуни маслаҳат бераман”, дейди Алламжонов.

Унинг қайд этишича, Фондга тез кунда янги раис тайинланади. 

“Ўйлайманки, сўз эркинлиги ва очиқлик сиёсати янада юқори даражага кўтарилади. Чунки давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, бу ислоҳотлар фақат олдинга юради, ортга қайтмайди”, дейди Алламжонов. 

Эслатиб ўтамиз, бугун, 26 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Комил Исмоилович Алламжонов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари лавозимига тайинланди.

Мазкур тайинловга қадар, Комил Алламжонов Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси лавозимида фаолият кўрсатган.

Маълумот ўрнида, Комил Алламжонов мамлакат сиёсий диорасидаги энг ёш амалдорлардан бири саналади. У 1984 йилнинг 18 сентябрь куни Тошкентда туғилган. Илк фаолиятини Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси – “Ёшлар” телерадиоканалининг “Давр” информацион кўрсатувида бошлаган.

Унинг назарга тушиши 2005-2013 йилларда Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати раҳбари лавозимида ишлаган даври билан боғлиқ. Алламжонов 2017 йилнинг 1 декабридан 2018 йилнинг 3 октябрига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Администрацияси раҳбари ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби лавозимида фаолият юритган.

2018 йилнинг 29 ноябрь куни у Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори лавозимига тайинланди. 2020 йилнинг январь ойида ушбу лавозимни тарк этди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 311
Рейтинг: 3
t
×