Бугун Ўзбекистон U-20 жамоасининг ҳаёт-мамот масаласи ҳал бўлади
Спорт
−
26 Май 2023
15161Айни кунларда Аргентинада 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Жаҳон чемпионати баҳслари ўтказилмоқда. Бугун, 26 май куни мусобақанинг 3-тур ўйинлари бўлиб ўтади.
“А” гуруҳидан ўрин олган Равшан Ҳайдаров мураббийлигидаги Ўзбекистон жамоаси гуруҳ босқичининг сўнгги турида Гватемалага қарши тўп суради. Ўзбекистон вакилларини ғалабадан бошқа натижа қаноатлантирмайди. Сўнгги турда Ўзбекистон Гватемала устидан 2 та тўп фарқи билан ғалаба қозонса ҳамда Аргентина Янги Зеландияни мағлуб этса, Ўзбекистон 2-ўрин билан кейинги босқичга чиқади.
Агар Океания вакили охирги турда Аргентинага ютқазмаса (дуранг ёки ғалаба), унда Ўзбекистон 3-ўрин билан кейинги босқичга чиқиши мумкин. Маълумки, кичик мундиалда 6 та гуруҳда 3-ўринни эгаллаган энг яхши 4 та жамоа ҳам плей-офф йўлланмасини қўлга киритади. 3-ўринни эгаллаганлар рейтингини тузишда қуйидаги кўрсаткичлар инобатга олинади:
• Тўпланган очколар;
• Тўплар фарқи;
• Урилган голлар сони;
• "Ҳалол ўйин" очколари (сариқ ва қизил карточкалар сарҳисоби)
• Қуръа.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Гватемалага қарши 3-тур ўйинида тўлиқ оқ либосда ўйнайди. Учрашувни эса, мисрлик Муҳаммад Маъруф бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи бошқариб боради. Унга қанотларда жазоирлик Аббос Акрам ҳамда марокашлик Закария Бринси ёрдам беради. Тўртинчи ҳакам сифатида мавританиялик Абдулазиз Буҳ ишлайди. Видеотакрорлар билан бош ҳакамга ёрдам бериш учун мисрлик Амр Ал-Шинави ҳамда марокашлик Ҳамза Ал-Фариқ тайинланди.
Ўзбекистон – Гватемала баҳси Тошкент вақти билан 27 майга ўтар кечаси, соат 02:00 да старт олади.
LiveБарчаси