Бугун Ўзбекистон U-17 терма жамоаси КХДРга қарши ўйнайди
Спорт
−
17 Апрель
8827Саудия Арабистонида давом этаётган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги ўзининг қизғин палласига кирди. Бугун, 17 апрель куни Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ярим финалда Шимолий Кореяга қарши майдонга тушади.
Исмоилов ўсмирлар терма жамоасини финалга олиб чиққан 3-мураббийга айланиши мумкин
Бунга қадар, 2010 йилда Тошкентда бўлиб ўтган Осиё кубогида Ўзбекистон U-16 терма жамоаси финалда айни бугунги рақиб Шимолий Кореяга қарши ўйнаган ва 2:0 ҳисобида имкониятни бой берганди. Ўша вақтда терма жамоа бош мураббийи Алексей Евстафеев эди. Орадан 2 йил ўтиб, яъни 2012 йилда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси яна бир бор қитъа кубоги ярим финалига чиқди. Дилшод Нуралиев қўл остидаги жамоа сўнгги босқичида Японияни пенальтилар сериясида 4:2 ҳисобида мағлуб этиб, чемпионга айланганди. Орадан 13 йил вақт ўтиб, Ислом Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси яна бир бор ярим финал йўлланмасига эга чиқди ва нафақат финалга чиқиш учун, балки чемпион бўлиш учун даъвогарлардан бирига айланди.
Шимолий Корея Ўзбекистонга нималарни таклиф эта олади?
Бугунги ўйин олдидан Самвел Карленович Telegram саҳифаси КХДР U-17 терма жамоасининг асосий ютуқ ва камчиликлари ҳақида ўрганиб чиқди.
- Жамоанинг мудофааси баъзан қўпол хатоларга йўл қўймоқда. Кучли прессингда ўйнайдиган жамоалар учун бу ҳолат айни муддао;
- Жамоа футболчиларининг жисмоний ҳолати ва техникаси жуда юқори;
- Иккинчи қаватда жамоа мусобақада энг яхши ўйнаётган жамоа бўлиб турибди;
- Яккама-якка курашларда энг кўп ғолиб бўлаётган жамоа ҳам айнан КХДР;
- Жамоа сардори рақиб таркибидаги энг хавфли ўйинчи. У тўпни яхши назорат қилади, ўрта масофаларда жуда кучли ва аниқ зарба бера олади, майдонни кўриш қобилияти 17 ёш боланикига умуман ўхшамайди...;
- Бурчак тўплари рақибимизнинг асосий “фишкаси” ҳисобланади. КХДР жамоаси мусобақада 4 марта бурчак тўпидан гол киритди. Бу жамоа умумий голларининг 33.3 фоизини ташкил этади;
- Жамоа асосий ҳужумларини ўнг қанотдан ташкил этади. Ҳужум гуруҳи вакилларида, ҳужумчиларга хос бўлган голни сезиш қобилияти жуда кучли.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон U-17 ва Шимолий Корея U-17 терма жамоалари ўртасидаги ўйин бугун, 17 апрель куни Тошкент вақти билан 22:15 да старт олади.
LiveБарчаси