Бугун U-20 Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун майдонга тушади
Спорт
−
23 Февраль
5525Бугун, 23 февраль куни Хитойда ўтказилаётган U-20 Осиё чемпионатининг чорак финал ўйинлари давом эттирилади. Мазкур босқич доирасида U-20 Ўзбекистон терма жамоаси жанубий кореялик тенгқурларига қарши баҳс олиб боради.
Учрашув ғолиби мусобақа ярим финалига йўл олиш баробарида кейинги йил Чилида ўтказиладиган Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритади.
Фарҳод Нишонов шогирдлари бугунги ўйинда тўлиқ оқ либосда ҳаракатланади. Дарвозабон эса қора либосда майдонга тушади.
Ҳозирча Осиёдан Саудия Арабистони ва Австралия чорак финал баҳсларида ғалаба қозониб, ЖЧ йўлланмасини нақд қилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон-Жанубий Корея баҳси Тошкент вақти билан 16:30 да бошланади. Учрашувга Шенжен шаҳридаги Ёшлар футбол базаси 1 майдони мезбонлик қилади.