Бугун Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлиси бўлади. Ваколатлари нималардан иборат?

Таҳлил 3271
image

Бугун, 21 январь куни Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлиси ўтказилиши белгиланган. Уларнинг ваколатлари нималардан иборат ва уларнинг фаолияти қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади? Мазкур мақолада юқоридаги саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Олий Мажлис қуйи ва юқори палатадан иборат. Қуйи палата Қонунчилик палатаси, юқори палата эса Сенат деб номланади. Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг биргаликдаги ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида"ги Қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгилаб қўйилган. Уларнинг биргаликдаги ваколатлари қуйидагилардан иборат:

  • Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини қабул қилиш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;
  • Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларини ҳамда қонунларини қабул қилиш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;
  • Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисида ва уни ўтказиш санасини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиш;
  • Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш ҳамда давлат стратегик дастурларини қабул қилиш;
  • Ўзбекистон Республикаси Конституциясига биноан Ўзбекистон Республикасининг ҳокимият тармоқлари тизимини ҳамда қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти органларининг ваколатларини белгилаш;
  • Ўзбекистон Республикаси таркибига янги давлат тузилмаларини қабул қилиш ва уларнинг Ўзбекистон Республикаси таркибидан чиқиши ҳақидаги қарорларни тасдиқлаш;
  • бож, валюта ва кредит ишларини қонун йўли билан тартибга солиш;
  • солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни жорий қилиш;
  • Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши масалаларини қонун йўли билан тартибга солиш, чегараларини ўзгартириш;
  • туманлар, шаҳарлар, вилоятларни ташкил этиш, тугатиш, уларнинг номини ҳамда чегараларини ўзгартириш;
  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини қабул қилиш ҳамда унинг ижросини назорат қилиш;
  • давлат мукофотлари ва унвонларини таъсис этиш;
  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқарув органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;
  • Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясини тузиш;
  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш, шунингдек мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш;
  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва унинг ўринбосарини сайлаш;
  • Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш;
  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига ҳужум қилинганда ёки тажовуздан бир-бирини мудофаа қилиш юзасидан тузилган шартнома мажбуриятларини бажариш зарурияти туғилганда уруш ҳолати эълон қилиш тўғрисидаги фармонини тасдиқлаш;
  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ёки тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;
  • Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини ратификация ва денонсация қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
  • Парламент назоратини ва Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

Палаталарнинг биргаликдаги ваколатларига кирадиган масалалар, қоида тариқасида, аввал Қонунчилик палатасида, сўнг Сенатда кўриб чиқилади.

Зафарбек Солижонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 22
Рейтинг: 3.2
t
×