Бугун Ғазода 70 киши ҳалок бўлди
Олам
−
19 Июль 4213 2 дақиқа
Бугун, 19 июль куни Исроил зарбалари оқибатида Ғазо секторида камида 70 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда анклавдаги шифохона манбаларига таяниб, “Al Jazeera” телеканали хабар берди.
Уларнинг маълумотига кўра, ҳалок бўлганлар орасида гуманитар ёрдам олиш учун тақсимот марказлари ёнида кутиб турган 36 нафар фуқаро ҳам бор.
Қайд этилишича, кеча, 18 июль куни ҳам Ғазога уюштирилган зарбалар оқибатида 51 фаластинлик ҳалок бўлган. Қурбонлар орасида озиқ-овқат ёрдамини кутаётган 14 фуқаро ҳам бор.
Телеканал маълумотларга таяниб, бутун блокададаги ҳудудда шифохоналарга тушаётган, очликдан азият чекаётган фаластинликлар сони кескин ошганини қайд этган. Қўшимча қилинишича, Исроил блокадаси туфайли Ғазодаги 2,1 миллион аҳоли очлик ёқасида қолмоқда.
Ғазодаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзининг сўнгги бюллетенида Исроилнинг Ғазога қарши урушида 2023 йил 7 октябрдан бери камида 58 765 киши ҳалок бўлгани, 140 485 киши яраланганини маълум қилган. Жорий йил 18 март куни ўт очишни тўхтатиш келишуви бузилганидан бери 7938 киши ҳалок бўлди ва 28444 киши яраланди. Вазирлик, шунингдек, сўнгги 48 соат ичида Исроил ҳужумларида 98 киши ҳалок бўлган ва 511 киши жароҳатланганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғазодаги ёрдам пунктларида ва бошқа ёрдам гуруҳлари, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан бошқариладиган конвойларда сўнгги олти ҳафта ичида камида 875 ўлим қайд этилганди. Ҳалок бўлганларнинг аксарияти Ғазо гуманитар жамғармаси объектлари яқинида, қолган 201 киши эса бошқа ёрдам карвонлари йўлида вафот этган.