Бугун “Барселона” Португалияда “Бенфика”га қарши ўйнайди

Спорт

image

Бугун, 5 март куни Европа Чемпионлар лигаси 1/8 финал босқичи илк ўйинлари давом эттирилади. Бугунги кун тартибидан “Фейеноорд” - “Интер”, “Бавария” - “Байер”, “Бенфика” - “Барселона” ва ПСЖ - “Ливерпуль” ўйинлари ўрин олган.

“Фейеноорд” Миланнинг яна бир клубига қарши майдонга тушади

Нидерландиянинг “Фейеноорд”  клуби Европа Чемпионлар лигаси ўтиш ўйинида ўзидан кучли саналган “Милан”ни икки ўйин натижасига кўра, 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, 1/8 финал босқичига йўл олди. Клуб ушбу босқичда яна бир Милан шаҳри жамоаси “Интер”га қарши ўйнайди. Бу сафарги рақиб анча жиддий, Чемпионлар лигаси яширин фаворитларидан бири ҳисобланади. “Интер” жорий мавсум Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида 4-ўринни эгаллаб, тўғридан тўғри нимчорак финалга йўл олганди. “Интер” А Серия турнир жадвалида 58 очко жамғарган ҳолда етакчилик қилмоқда. Жамоа “Наполи”дан 1 очко олдинда. Ушбу ўйин Нидерландияда бўлиб ўтишини ҳисобга олганда, “Фейеноорд” ўз уйида жиддий қаршилик кўрсатиб, Миландаги жавоб баҳсига ижобий натижа қайд этиб боришни мақсад қилган. “Интер” эса масалани биринчи ўйиндаёқ ҳал қилишга уриниб кўради. Мазкур ўйин бугун, 5 март куни 22:45 да старт олади.

Германиянинг икки гегемони Мюнхенда тўқнаш келади

Европа Чемпионлар лигаси нимчорак финали қуръаси натижасига кўра Германиянинг айни дамдаги энг кучли жамоаси “Бавария” ва “Байер” тўқнаш келадиган бўлди. Илк ўйин Мюнхенда бўлади ва мезбон вазифасини “Бавария” бажаради. Германия Бундеслигасида икки жамоа ёнма-ён келмоқда. Аммо очколар орасидаги фарқ катта. “Бавария” 61 очко жамғариб, етакчилик қилаётган бўлса, “Байер” эса 53 очко билан 2-ўринни банд этган. Охирги икки йилда ушбу жамоалар ўртасидаги ҳар бир ўйин муросасиз кечмоқда. Бу сафар “Бавария” - “Байер” Чемпионлар лигаси нимчорак финалида тўқнаш келади. Ушбу турнирдаги тажрибасидан келиб чиқилса, “Бавария”нинг имконияти катта. Аммо Хаби Алонсо бошчилигидаги “Байер” ғалабали серияга тушиб олган ва Мюнхендаги баҳсда ҳам жиддий қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилади. Ушбу ўйин Тошкент вақти билан 6 мартга ўтар кечаси 01:00 да старт олади.

Португалиядаги “отишма” яна такрорланадими?

Европа Чемпионлар лигаси қуръаси яна бир бор “Бенфика” - “Барселона” тўқнашувини мухлислар эътиборига тақдим этадиган бўлди. Мазкур жамоалар гуруҳ босқичида учрашган ва ўшанда “отишма”дан “Барселона” омон қолди. Ҳисоб 5:4 ва каталонияликлар драматик баҳсда ғалаба қозонганди. Бугун ҳам икки жамоа яна бир бор тўқнаш келади. “Бенфика” ўтиш баҳсида икки ўйин натижасига кўра 4:3 ҳисобида “Монако”ни мағлуб этиб, нимчорак финалга етиб келди. “Барселона” эса гуруҳ босқичида 2-ўринни эгаллаб, тўғридан тўғри 1/8 финалга йўл олди. Мазкур ўйин Тошкент вақти билан 6 мартга ўтар кечаси 01:00 да старт олади.

ПСЖ ўз уйида “Ливерпуль”ни қабул қилади

Ушбу босқичнинг марказий ўйинларидан бири ПСЖ ва “Ливерпуль” ўртасида кечади. Парижликлар сўнгги ўйинларда фантастик натижалар қайд этиб келмоқда. Луис Энрике қўл остидаги жамоа 2025 йилни ажойиб тарзда бошлади ва кетма-кет ўйинларда ғалаба қозонмоқда. Клуб вингери Усмон Дембеле эса жорий мавсум парижликлар сафида барча мусобақаларда 33 та ўйинда майдонга тушиб, 26 та гол урди ва 6 та ассист амалга оширди. “Ливерпуль” эса айни дамдаги энг формага тушиб олган жамоалардан бири ҳисобланади. Арне Слот шогирдлари АПЛ турнир жадвалида 67 очко жамғарган ҳолда чемпионлик пойгасида етакчилик қилмоқда. Энг яқин таъқибчиси “Арсенал”дан 13 очкога илгарилаб кетган. Европа Чемпионлар лигасида эса клуб гуруҳ босқичида 21 очко жамғариб, етакчи сифатида 1/8 финал босқичига етиб келди. Биринчи ўйин Париждалигини ҳисобга олганда ПСЖ бу масалани шу ерда ҳал қилишга ҳаракат қилиши тайин. “Ливерпуль” эса дастлабки ўйинда ўзи учун ижобий натижа қайд этиб, “Энфильд”даги жавоб баҳсигача имкон қолдирмасликка интилади. Ушбу ўйин Тошкент вақти билан 6 мартга ўтар кечаси 01:00 да старт олади.


Мақола муаллифи

Теглар

Барселона ПСЖ Европа Чемпионлар лигаси Бавария Ливерпуль

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг